Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этди. Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашиши туфайли вафот этган. Марҳумнинг акаси укаси ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани оқибатида вафот этганини таъкидламоқда. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш учун Бекобод туманида бўлиб, марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашди.
Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этди. Kun.uz мухбири Бекобод туманида бўлиб, ҳолатни ўрганди ва марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашди.
Тошкент вилояти ИИББ хабарига кўра, 43 ва 46 ёшли ака-ука қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган 33 ёшли укасининг суд мажлисига борган. Улар укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, залда жанжал кўтарган ва жамоат тартибини бузган.
Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. Етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспектори томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.
43 яшар фуқаро Бекобод шаҳар ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани, у шаҳар шифохонасига олиб борилгани ва кўрикдан ўтказилганда вафот этгани аниқлангани қайд этилган.
Лекин воқеа иштирокчиси Дилмурод Юсупвалиев марҳум укаси ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани оқибатида вафот этганини таъкидламоқда.
“2024 йил 19 июнда суд бўлиб, укамга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди. Шунда дадамнинг жаҳли чиқиб, судядан нега бундай бўляпти, деб сўраган. Ички ишлар ходими дадамнинг елкасидан ушлаб, ўтир, деб сенсираб гапирган. Бундан укамнинг жаҳли чиқиб, нега ёши катта одамга сенсираб гапиряпсан, деганди иккитаси укамга ёпишиб кетди. Судя ҳам олиб чиқ, йўқот, деб турибди. Кейин мен турдим, қўлини қўйиб юбор, дедим. Кўчага чиқдик. Урмаган, сўкмаган бўлса, нега ёпишяпсизлар, деб сўрадим. Битта ходим укамга “мазангни қочириб ташлайман”, деган гаплар қилди, укам ҳам устингда форманг бор, бўлмаса бошқа жойда бўлса боравераман, деди.
Биттаси менинг ҳам шимимдан ушлаб олган. Ёш бола эмасман, қўйиб юбор, дедим. Ички ишлар бўлимига бирга кетдик. Дарвозасидан киришим билан учта ходим менинг ҳам қўлимни қайириб олиб кирди.








