Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги молиявий пирамида ва 250 йилга кексайган Самарқанд – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
Янги низомга кўра, тиббиёт ташкилотларида йўлланма асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам қуйидагиларга кўрсатилади:
- туман (шаҳар) ва ҳудудий даражаларда – аҳолининг барча тоифаларига;
- республика даражасида – имтиёзли беморларга.
Давлат бюджети ҳисобидан тиббий ёрдам олиш учун беморлар ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилади.
Янги XCM молиявий пирамидаси тарқалди, уни ички ишлар органлари ходимлари ҳам тарғиб қилмоқда
Ўзбекистонда шакли ва услуби олдингиларидан мутлақо фарқ қилмайдиган XCM молиявий пирамидаси тобора оммалашиб бормоқда. Ачинарлиси, бу чўпчакка унинг олдини олиши керак бўлган хизматлар ходимлари ҳам ишоняпти. Ҳатто айрим ходимлар XCM тарғиботига аралашган. Ушбу молиявий пирамидага пул тикаётган минглаб фуқаролар алданиб қолиш арафасида.
XCM молиявий пирамидасига ҳуқуқ-тартибот органларининг 200 нафарга яқин ходими қўшилгани таъкидланмоқда.
Самарқанд тарихи ЮНЕСКО хулосаси билан 3000 йилдан ортиқ деб баҳоланди
ЮНЕСКО 43-сессияси доирасида ўтган халқаро анжуманда Самарқанд тарихи қайта баҳоланди. Илмий далиллар ва археологик топилмаларга асосланган хулосага кўра, шаҳарнинг тарихи илгари айтилгандек 2750 йил эмас, балки 3000 йилдан ҳам қадимроқ экани тасдиқланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Афросиёб, Кўктепа ва бошқа археологик объектларда олиб борилган қазишмалар натижалари Самарқанд ҳудудидаги илк аҳоли манзилгоҳлари милоддан аввалги II минг йилликка бориб тақалишини кўрсатмоқда.
Юк машинасида 3 кишини қасддан босиб ўлдирган шахс умрбод қамалди
Навоий вилоятининг Томди туманида даҳшатли қотиллик жинояти содир этилди. 41 ёшли Салим Рустамов МИБ ходимлари кўз ўнгида собиқ турмуш ўртоғи, кекса қайнона ва қайнотасини юк машинасида қасддан босиб ўлдирди. Жанжалнинг сабаби эркакни собиқ қайнотасига тегишли далаҳовлидан мажбурий тартибда чиқариш билан боғлиқ бўлган.
ЖИБ Томди туман суди ҳукми билан Салим Рустамовга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Қатағон қурбонлари меросини тарғиб этиш бўйича дастур тасдиқланди
Ҳукуматнинг қарори билан қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш ишларини жадаллаштиришга қаратилган 2025–2026 йиллар дастури тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, хотирани асраш ва маънавий меросни оммалаштириш бўйича қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
- ҳар йили октябрнинг 1-ҳафтасида Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталигини ўтказиб бориш;
- ҳар йилги октябр ойида қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган республика илмий-амалий конференциялари ташкил этиш;
- Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи фаолиятини янада такомиллаштириш.
Шунингдек, қарор доирасида ўқувчи ёшлар ва талабалар иштироки билан қатағон қурбонлари таваллуд топган масканларда “Юрт ва миллат фидойилари ёддан чиқмаслар” мавзусида учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилади.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025