Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
XCM молиявий пирамидасига 200 нафарга яқин ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қўшилган – манба
Ўзбекистонда тобора оммалашиб бораётган X Connection Media номи остидаги молиявий пирамидага ҳар куни қарийб 3 минг нафар фуқаро аъзо бўлаётгани аниқланди. Улар XCM’га қўшилиш учун камида 460 доллар тўламоқда. Бирламчи маълумотларга кўра, ушбу молиявий пирамида аъзолари орасида 200 нафарга яқин ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бор.
Коллаж: Kun.uz
XCM молиявий пирамидаси аъзолари орасида 200 нафарга яқин ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бор. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги Kun.uz манбаси маълум қилди.
Қайд этилишича, XCM молиявий пирамидаси Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён фаолият юритмоқда. Компаниянинг расмий саҳифасида Австралияда рўйхатдан ўтгани айтилади. Аммо унинг сайти Канада давлатида Сингапур уяли алоқа рақами орқали рўйхатга олинган.
Ушбу молиявий пирамиданинг ишлаш тартиби жуда оддий: кунлик вазифа сифатида видеороликларга лайк босилади. Бунинг учун компания унга аъзо бўлган фуқаронинг пластик картасига депозитга қўйган маблағидан келиб чиқиб, Binance криптобиржаси орқали ҳар ойда 10 фоиз ўтказиб беради.
XCM’нинг Австралиядаги бош менежери Ноах Винстон томонидан ҳозиргача Ўзбекистон бўйлаб 300 га яқин офислар рўйхатга олинган. Ҳар бир офис орқали кунига камида 10 нафар Ўзбекистон фуқаролари ушбу компанияга аъзо бўлмоқда. Аъзолик бадали эса 460 доллардан 40 минг долларгача.
Бирламчи маълумотларга кўра, ушбу молиявий пирамида аъзолари орасида 200 нафарга яқин ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бор. Шунингдек, компания Ўзбекистондаги офислари орқали тармоқ маркентингини аҳоли орасида ёйиш ва фаолларни рағбатлантириш мақсадида турли йиғинлар ўтказиб келмоқда.
Kun.uz аввалроқ XCM молиявий пирамидаси ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда ушбу платформани ҳатто ИИБ ходимлари ҳам тарғиб қилаётгани ҳақида гап боради.
Суриштирувдан сўнг ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳолат юзасидан расмий ахборот бериб, XCM платформаси орқали республика ҳудудида пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият амалга оширилгани, бу орқали жисмоний ва юридик шахсларга зарар етказилгани ҳолати бўйича ўрнатилган тартибда суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг ушбу платформани тарғиб қилишида иштироки бўйича хизмат текшируви тайинлангани маълум қилинди.
Мавзуга оид
19:10 / 05.11.2025
Ўзбекистонда янги молиявий пирамида авж олди. Уни "орган" ходимлари тарғиб қилмоқда
17:00 / 05.07.2025
“Golden cash” иши: “кўринмас одам” ўзбекистонликларни қандай чув туширганди?
18:10 / 19.05.2025
Услуб эски, вазифа янги: Ўзбекистонда минглаб одамлар навбатдаги молиявий пирамида қурбони бўлди
20:15 / 05.05.2025