Германиянинг «Шальке» клуби футболчиси Роман Нойштедтер Россия паспортини қўлга киритди. Бу ҳақда Россия терма жамоасининг твиттердаги расмий саҳифасида хабар берилган.

Футболчи бугун Россия Федерациясининг Бонн шаҳридаги бош консулхонасига борган ва ўз паспортини олган.

У Швейцарияда йиғин ўтказаётган терма жамоа базасига қайтиб кетган.

Нойштедтер Россия терма жамоасининг 2016 йилги Европа чемпионатига борадиган таркибидан ўрин олган. Турнирда Россия терма жамоаси "В" гуруҳида Англия, Уэльс ва Словакия терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Мусобақа 10 июнь кунидан 10 июль кунигача давом этади.

23 май куни Нойштедтер Россия паспортини олиш учун Германия фуқаролигидан воз кечганди.

25 май куни Путин ушбу футболчига Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Нойштедтер 2015 йили Россия терма жамоаси сафида ўйнаш истагида эканини билдирганди. Футболчи 1988 йилнинг 18 февралида Украинанинг Днепропетровск шаҳрида туғилган. У рус тилида эркин сўзлаша олади. Унинг отаси Петр Нойштедтер ҳам профессионал футболчи бўлган.