Россия президенти Владимир Путин Россиянинг АҚШ Демократик партияси серверларига уюштирилган хакерлар хуружига ўз қарашини билдирди. Унинг сўзларига кўра, расмий Москванинг хакерлар ишига умуман алоқаси йўқдир. 

Путин, Америка ҳукуматининг хакерлик хуружларида Россияни айблашига оид даъвосини жамоатчиликнинг эътиборини асосий мавзудан чалғитиш деб баҳолади. 

"Менинг бундан умуман хабарим йўқ. Россия эса, давлат даражасида бу иш билан шуғулланмайди", — деб баёнот берган Россия етакчиси Блумберг агентлигига берган интервьюсида. 

"Россия ҳукуматининг бу ҳодиса билан умуман алоқаси йўқ", — деб уқдирган Путин. 

Президент шунингдек, Россия партия махфий маълумотларини эълон қилиш билан АҚШдаги президентлик сайловига таъсир кўрсатмоқчи бўлаётгани тўғрисидаги айбловни рад этди. 

"Бунинг учун Қўшма Штатлар ички сиёсий ҳаётидаги ўзига хосликларни жуда яхши билиш лозим. Бизнинг ташқи ишлар вазирлигидаги мутахассисларимиз ҳам у даражада билишига ишонмайман", — деган Путин.

Америка сиёсатчиларининг фикрича, Россия Америка президентлик сайловида Клинтон хонимнинг рақиби, республикачи Дональд Трамп учун хизмат қилиши мумкин.