Германияда ота-онасининг турли важларни рўкач қилаверишидан чарчаган 12 ёшли болакай шундай қалтис ишга қўл урди. У, буваси ва бувисини соғингани ва уларни бориб кўргиси келгани учун 200 километрдан ортиқ йўлни машинани бошқариб ўтказди. The Local нашрининг хабар қилишича, болакай автомагистрал бўйлаб ҳаракатланган, бироқ қоидаларга риоя этиб, аниқ ҳаракатлангани боис, полиция эътиборини тортмаган. 

Болакай, кўп маротаба ота-онасидан уни қариндошлариникига олиб боришни сўраган, бироқ сафар ҳар доим ортга сурилаверган. Шундан сўнг, бола масъулиятни ўз зиммасига олишга қарор қилиб, отасининг машинасида Саксониядан Баварияга йўл олган. Унга 13 яшар ўртоғи ҳамроҳлик қилган. 

Машина ва болаларнинг йўқлигини аниқлаган ота-онанинг ҳуши бошидан учиб, полицияга мурожаат қилган. Бироқ, ҳуқуқ посбонларидан аввалроқ, болакайнинг ўзи хурсанд ҳолда ота-онасига қўнғироқ қилиб, буваси ва бувисиникида меҳмонда эканидан хабардор қилган. У, гап орасида отасидан машинани ўғирлашга мажбур бўлгани учун кечирим ҳам сўраб қўйган. Бундан бироз кўнгли тинчиган ота-она ўғлига бир кеча бувиси билан тунашни маслаҳат беришган. 

Бавария полициясида айтишларича, бахтли тасодиф туфайлигина, тезюрар магистралда ҳаракатланган болалар автоҳалокатга учрамаган. Улар, қилмиши туфайли болага дакки берган бўлса-да, унда автомобилни бошқаришга туғма иқтидор борлигини эътироф этишган. Болакай ёшлиги сабабли жазога ҳам тортилмаган.