Вашингтон Россияни хакерлар ҳужумида расман айблаганидан кейин Москвага қарши чоралар кўрилиши керак. Рус тилидаги “Америка овози”да “тажовузкор дастур”нинг яратилиши ҳам уларнинг қаторидан жой олиши мумкин. Бу ҳақида марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбарининг собиқ ўринбосари, ҳозирда эса – АҚШ президенти лавозимига номзод Ҳиллари Клинтоннинг маслаҳатчиси Майкл Морелл маълумотига таяниб, The New York Times хабар берди. 

Мореллнинг сўзларига кўра, АҚШнинг жавоби “ҳужумга мувофиқ бўлиши керак”. Маълум бир шахсларга қарши жиноий айблов ва санкциялар фақатгина огоҳлантириш сифатида хизмат қилади. Манбада ёзилишича, “Американинг Россияга жавоби оддий бўлиши ҳам мумкин эди, яъни Вашингтон Кремлга нисбатан зарар етказувчи дастурлар ишлаб чиқариш учун ҳукумат кибержангчиларини ишга тушириши мумкин эди”. Бироқ Мореллнинг фикрича, бундай қилишга ҳожат йўқ.

Клинтон маслаҳатчисининг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин нимани “қадрласа”, ўшанга қарата зарба бериш лозим. Нашрга кўра, Клинтон сайловларда ғолиб бўлса, Морелл Америка разведкасидаги энг асосий лавозимлардан бирини эгаллаши муқаррар.

“Морелл бу масалада икки хил ёндашувни таклиф қилди: бутун Россия иқтисодиётига нисбатан чуқур санкциялар қўллаш ва “Америка овози”да россияликларга Путинни фақат ўз ҳукмронлиги қизиқтиришини “сўзловчи” ва унинг мамлакат иқтисодиётини тиклаш учун ягона умид – Ғарб билан интеграциялашувга таҳдид солишини сингдирувчи тажовузкор дастурни йўлга қўйиш”, - деб ёзади The New York Times. 

Бироқ Клинтон маслаҳатчисининг фикрича, икки усулнинг ҳам амалга оширилиши бир қатор муаммоларга дуч келиши мумкин. Европанинг бу санкцияларга қўшилиши эҳтимоли кам, зеро бу Россия газидан воз кечишни билдирарди. 


Жума куни АҚШ ички ишлар вазирлиги ва миллий разведка раҳбари идораси қўшма баёнот билан чиқиб, Россияни Америкадаги сиёсий ташкилотларга уюштирилган хакерлик ҳужумларида айблади. Бундан аввал Россия президенти Владимир Путин Демократик партия серверларига уюштирилган ҳужумлар ҳақида ҳеч нарса билмаслигини маълум қилган, Россия эса бундай масалалар билан давлат миқёсида шуғулланмайди.