2016 йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатга ташриф буюрган Ҳиндистон делегацияси раҳбари, Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар давлат вазири Мубашир Жавед Акбарни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Ҳиндистон раҳбариятига мамлакат Биринчи Президенти вафоти муносабати билан ўзбек халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этгани ва қўллаб-қувватлагани ҳамда Ҳиндистон делегациясининг Самарқанд шаҳрига ташрифи доирасида Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиргани учун миннатдорчилик билдирди.

Мулоқот давомида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг долзарб масалалари ҳамда минтақавий ва халқаро кун тартиби муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мунтазамлик касб этган олий ва юқори даражадаги Ўзбекистон-Ҳиндистон сиёсий мулоқоти, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда маданият ва санъат арбобларининг учрашувлари, илм-фан ва таълим соҳасидаги алмашинувлар эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда давлатлар ва халқалар ўртасидаги анъанавий алоқаларни чуқурлаштиришга йўналтирилган кўп қиррали ҳамкорликни фаол мустаҳкамлашга имкон беради.

Учрашувда Ҳиндистон Элчиси Винод Кумар иштирок этди.