Германия авиация ва космонавтика маркази олимлари симсиз усулда ахборотни узоқ масофага узатиш бўйича рекорд ўрнатишди. Бу ҳақда марказ сайтида маълум қилинди.

Олимлар лазер узаткич ва қабул қилгич ёрдамида 10,45 км лик масофага сониясига 1,72 терабит тезлик билан ахборот узата олишди. Бу миқдор бир сонияда 45 та DVD-дискка сиғадиган ахборотни узатиш билан баробардир. Немислар шу тариқа узоқда жойлашган ҳудудлар ва қишлоқларга интернетга симсиз кириш имкониятини намойиш қилишди.

"Биз ўзимизга йирик шаҳарлардан олисда бўлган ҳудудларга юқори тезликдаги интернетга киришни таъминлашни мақсад қилиб қўйдик ва буни сунъий йўлдошлар ёрдамида амалга ошириш мумкинлигини намойиш қилмоқчимиз", деб айтди марказ директори Кристоф Гюнтер. Маълумотларни узатиш бўйича тажриба Баварияда октябрь охирида ўтказилган.