Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг янги сайланган давлат раҳбари Дональд Трамп билан учрашишга тайёрлиги ҳақида баёнот берди. У «Ниппон» телеканали ва «Иомиури» газеталарига берган интервьюсида шу ҳақда сўз юритди, деб хабар қилмоқда Кремль сайти. 

Путиннинг аниқлик киритишича, бунда Трампга ўз маъмуриятини тузиб олиш ва вазифасига расман киришиши учун имкон бериш мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

«Учрашувларга келсак, фикримча, сайланган президентга ҳеч бўлмаганда ўз маъмуриятини шакллантириб олиш, лавозимига расман киришишига имконият тақдим этиш керак. Шундан сўнг, учрашувлар ҳақида сўз юритса бўлади. Биз ҳар қандай вақтда тайёрмиз, биз томондан ҳеч қандай муаммо йўқ, маъмуриятни ташкил этиш анча мураккаб жараён, биз сабр қилиб, бу вазифа бажарилишини кутишимиз керак», — деган Путин.

Россия раҳбари, РФ билан муносабатларни яхшилаш тарафдори бўлган Трампни қўллаб-қувватлашини билдирган. 

«Қўшма Штатларнинг сайланган президенти ошкора равишда рус-америка муносабатларини яхшилаш борасида фикрлар билдирмоқда. Биз буни қўллаб-қувватламаслигимиз мумкин эмас. Биз ҳам албатта, шунинг тарафдоримиз», — деган Россия давлат раҳбари.