Украина президентининг маслаҳатчиси Юрий Бирюков Россиянинг Ту-154 самолётининг Қора денгизга қулаб тушганига оид фикр билдирди. У ушбу фожиа муносабати билан Россия элчихонасига «Бояришник» (дўлана) эритмасидан олиб бориш истаги борлиги ҳақида ёзган.  

«Бу энг ғаройиб воқелик — қўшни ўрда аҳолиси ўрда армиясининг 80 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганидан нима учун хурсанд бўлаётганимизни тушунишмайди. <...> РФ Мудофаа вазирлиги самолёти қулаб тушди... Шу муносабат билан биргина хоҳиш пайдо бўлди — элчихонага бир шиша «Бояришник» олиб бориш», — деб ёзган Бирюков Facebook саҳифасида.

Юрий Бирюков

Унинг фожиага бундай ёндашуви ижтимоий тармоқдаги кўплаб фойдаланувчиларни ғазаблантирди. 

Хусусан, актёр Ефим Шифрин Киев томонидан бу тарзда изоҳ берилишини тасаввур ҳам қилмаганини айтар экан, «тинч аҳоли вакиллари ўлими билан боғлиқ мусибат етганда қайғуриш ёки жим туриш» кераклигини хотирлатган. 

«Харитага кўра, қадрдон қўшнилар. Мен ҳеч қачон бундай мурожаатлар қилмаганман. Ҳеч бир миллат маданияти, ахлоқий меъёрлари ўлганларни масхара қилишга рухсат бермайди. Тинч аҳоли вакиллари ҳаётдан кўз юмганда эса, қайғуриш ёки сукут сақлаш қабул қилинган. Илтимос, иккинчисини танланглар: у сизлардан ортиқча куч талаб қилмайди. Мен биламанки, сизлардан кўпчилик ишонадиган кишилардир. Мен бу каби изоҳларни ҳамдардлик сифатида қабул қила олмайман. Илтимос, бас қилинг...» — деб ёзган актёр Facebook саҳифасида.

Ефим Шифрин

25 декабрь куни эрталаб, Россия мудофаа вазирлигининг Сочидан Хмеймим авиабазасига учаётган Ту-154 самолёти радар экранларидан йўқолгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди

Кейинроқ, Сочидан соҳилидан 1,5 км узоқликда Ту-154 қолдиқлари топилгани хабар қилинди. Сўнгги маълумотларга кўра, унинг бортида экипаж аъзолари билан бирга 92 киши бўлган.