Ироқ хавфсизлик кучлари 31 декабрга ўтар кечаси Мўсулнинг турли қисмларида ИШИДнинг камида 180 жангарисини йўқ қилдилар, деб хабар бермоқда "Синьхуа" ахборот агентлиги. 

Маълум қилинишича, аксилтеррорчилик хизматининг бир неча жангчилари эрталабгача Мўсулнинг шарқий қисмидаги Ал-Қудс туманини тозалашган. Шаҳар шимолида 16-дивизия жангчилари эса жангарилардан парранда фабрикаси ва фармацевтика заводини қайтиб олишган. 

"Шаҳарнинг жануби-шарқий қисмида жангарилар миналаштирилган автомобиллардаги худкушлар ёрдамида федерал полиция ва 9-дивизия аскарлари жойлашган бинога ҳужум қилишган, бироқ қўшинлар ҳужумни қайтаришган ва оқибатда 98 жангари йўқ қилинган", деб айтди ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги ходим.

Мўсул шимолида 16-дивизия АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари кўмагида жангариларнинг ҳужумини қайтарган. Бу жанг оқибатида 70 жангари ва миналаштирилган автомобиллардаги 12 худкуш йўқ қилинган.