АҚШнинг Сиракузи шаҳрида (Нью-Йорк штати) пикап ва йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди.  

Ушбу ҳолат акс этган видеода юк машинаси автобусга келиб урилиб, унинг ичига олд ғилдираклари билан кириб кетгани тасвирланган.

Авария оқибатида автобусдаги бир неча йўловчи жароҳат олган, автобус ҳайдовчисининг кўкрак қафаси шикастланган. Пикапдаги аёл йўловчи ҳам шифохонага етказилган, ҳайдовчига ҳеч нарса қилмаган.

Таъкидлаш жоизки, автобусда пикап келиб урилган жойда ўтирган эркакнинг омади келган – у машина яқинлашаётганини кўриб, тўқнашувга бир бахя қолганда ойна олдидан қочишга муваффақ бўлган, бироқ зарба тўлқини оқибатида у салоннинг нариги тарафига учиб тушган.

Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларининг айтишларича, пикап ҳайдовчиси чорраҳада тўқнашувдан қочишга ҳаракат қилиб, рулни чап томонга бурган ва йўлдан чиқиб кетиб, катта тезликда светофорнинг қизил чироғида турган автобусга келиб урилган.