Сўнгги йилларда Украина жуда жиддий муаммога дуч келди - мамлакат том маънода ўз чиқиндилари остида қолиб кетмоқда. Bloomberg шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди

Манбада таъкидланишича, Украинада 36 минг қонуний ва ноқонуний чиқиндихоналар мавжуд. Чиқиндиларни утилизация қилишда ҳам талай муаммолар бор: ҳукумат чиқинди йиғиш учун пул тўлашга шошилмаяпти, шаҳар маъмуриятлари эса уларни қайта ишлаш ғоясини жуда секин тарғиб қилмоқда ва чиқиндиларни йўқ қилувчи заводлар ҳамда бошқа инфратузилмалар қурилиши учун керакли маблағ ажрата олмаяпти.

"Украинадаги чиқиндихоналар аксариятининг хизмат муддати тугаб бўлган, шундай бўлса-да, улардан фойдаланишда давом этишмоқда. Уларнинг ҳар бирида кутилмаганда ёқимсиз ҳолатлар рўй бериши мумкин", - дея БМТ Тараққиёт дастурининг энергетика ва атроф-муҳит сектори раҳбари Сергей Волковнинг сўзларини келтиради агентлик. 

Маълумотларга кўра, Украинада 95 фоиз қаттиқ чиқинди чиқиндихоналарга йўлланади. Таққослаш учун - ЕИда, Евростат баҳосига кўра, бу кўрсаткич 45 фоиздан ошмайди. Европанинг 39 мамлакатига таққослаганда, Украина чиқиндиларининг атиги 4 фоизигина қайта ишлашга йўлланар экан. 

Нашрда таъкидланишича, Украинада экологик фожиа хавфи ортиб бормоқда. Ўтган йилнинг май ойида Львовдаги чиқиндихонада бир неча ҳафта давомида ўнлаб тонна чиқинди ёнган. Воқеа 4 нафар қутқарувчини ҳаётдан олиб кетди. 

Ҳеч ким чиқиндилар утилизацияси учун пул тўлашни истамайди ва бу Украина бозоридаги хорижий компанияларни чўчитмоқда. Бундан ташқари, утилизация билан боғлиқ ишларнинг 80 фоизи "чет"да олиб борилади - бошпанаси йўқ кишилар кўчалар ва махсус пунктлардан чиқиндиларни йиғиб, бунинг эвазига нақд пул олишади.