Жиззахда жиноий гуруҳ жазога тортилди

Жамият 05 Апрель 2017 10297

Жиззах вилояти Зомин туманида пайчиликка асосланган “Янги чорвадор” ширкат хўжалиги фаолият кўрсатади. Афсуски, бу жамоага раҳбарлик қилганлар мулки учун жон койитиб, унинг ривожига ҳисса қўшиш ўрнига ширкатнинг иқтисодини издан чиқаришдан бошқа нарсани ўйлашмади. Оқибатда хўжаликда катта миқдордаги талон-торожликка йўл қўйилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Жумладан, мазкур хўжаликка 2013 йил 29 октябридан 2016 йилнинг 16 июнига қадар раислик қилган Аъзамқул Жўраев қонун доирасида иш юритиш, зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариш ўрнига мансаб мавқеини суиистеъмол қилди. У ширкат хўжалиги бош ҳисобчиси Умматқул Жиянмуродов билан олдиндан тил бириктириб, қинғир ишга қўл урди.

Шу мақсадда улар “Зарбдор элеватор” АЖ ва унга қарашли “Даштабод” ДҚКШдан тегишли асосда 75 млн. 526 минг сўмлик 122 минг 300 килограмм уруғлик арпа маҳсулоти олишди. Аммо бу маҳсулотни ширкат хўжалигига қарашли ерга экмасдан, ҳисобхонага кирим ҳам қилмасдан, турли йўллар орқали сарфлаб юборишди.

Кейинчалик икковлон ширкат хўжалигига “Бўстон олами” МЧЖдан турли даврларда 87 минг 170 килограмм шрот ва шелуха маҳсулотлари олишди. Бу сафар ҳам маҳсулотлар ширкат хўжалигининг ҳисобхонасига кирим қилинмай, сотиб юборилди. Шу тариқа яна 30 млн. 899 минг сўмлик мол-мулк ўзлаштирилди.

Ширкат хўжалигида бош чўпон бўлиб ишлаган Орзиқул Жўраев ҳам жиноий гуруҳга аъзо бўлди. Натижада бош чўпоннинг жавобгарлигида бўлган 11 млн. 44 минг сўмлик 33 бош майда шохли моллар камомадига йўл қўйилди. Жиноий гуруҳ томонидан моллар турли йўллар билан сотиб юборилди.

Суд ҳукми билан Аъзамқул Жўраев, Умматқул Жиянмуродов ҳамда Орзиқул Жўраевга тегишли жазо тайинланди. Улар томонидан хўжаликка етказилган 117 млн. 506 минг сўм миқдоридаги зарар қопланди.

Кўпроқ янгиликлар