Санжар Ҳабибов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотли бўлгач, турли жойларда фаолият юритди. 2012 йил июль ойида эса Чилонзор тумани ободонлаштириш бошқармасига бошлиқ этиб тайинланди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

С.Ҳабибов ишни қўл остидаги ходимлар билан танишиб, ким нимага қодирлигини аниқлашдан бошлайди. Кўп ўтмай, унинг атрофига буйруқларини тўғрими ёки қонунга зидми, аҳамият бермай бажаришга тайёр ходимлар бирлашадилар. 

Бошлиқ уларни режасидан огоҳ этиб, бир вақтнинг ўзида бир неча объектни қамраб олиш кераклигини тушунтиради. Хуллас, унинг топшириғи билан ишончли одамлари – бошқармага қарашли, ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатдан тозалаш бўлими участкаси бошлиғи Саъдулла Абдиев, бошқарма ходимлар бўлими бошлиғи Дилсўз Караматова, бош ҳисобчи Шоҳиста Ёрмуҳамедова ҳамда кассир Шоира Қурбонова ишга киришадилар. Қарабсизки, сохта буйруқлар тайёрланиб, 2012 йилдан 2016 йилнинг январь ойига қадар С.Абдиев бошлиқ бўлган участкага бир неча фуқаролар ишга қабул қилинади. Аммо улар нафақат ўз хизмат вазифаларини бажармаган, балки ишга ҳам келмаган бўлсалар-да, номларига ойлик маош ёзилади. Булар камлик қилганидек, ишдан бўшаб кетган икки нафар ишчининг ҳам ишламаган кунлари учун ишлаган, дея ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қалбакилаштирилади. Ҳисобланган 113 млн. 131 минг сўмлик иш ҳақи эса гуруҳ аъзолари томонидан ўзаро тақсимланади.

Шу вақтнинг ўзида С.Ҳабибов раҳнамолигидаги гуруҳ аъзолари бошқа бир участка устаси Равшан Дўсматов билан тил бириктириб, бу участкага 11 нафар шахсни сохта буйруқ асосида ишчи сифатида ишга қабул қиладилар. Шунингдек, ишдан бўшаб кетган уч нафар ишчининг ҳам ишлаганлиги ҳақидаги ҳужжатларни расмийлаштириб, уларнинг номларига ҳисобланган 56 млн. 123 минг сўмлик иш ҳақини ўзлаштириб юборадилар.

Умуман олганда эса, С.Ҳабибов ҳамда унинг гумашталари томонидан шу каби усул билан жами 390 миллион сўмдан ошиқроқ пул маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинади.

Бундан ташқари, 2013-2014 йиллар ва 2015 йилнинг ноябрь ойига қадар бошқармада ишловчи ходимларнинг разрядлари малака комиссиясининг хулосалари бўлмасдан, асоссиз равишда оширилиб, ушбу даврда 554 миллион 205 минг сўмлик иш ҳақи ортиқча тўлаб берилиб, бюджет маблағлари бошқарма сметасида назарда тутилмаган харажатларга йўналтирилади.

Шунингдек, 2014-2015 йиллар давомида бошқармада ишловчи ишчиларга 30 фоиз миқдорида қўшимча иш ҳақи хизмат кўрсатиш доирасининг кенгайганлиги ҳамда бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги тўғрисидаги далолатнома ёки бошқа тегишли ҳужжатларсиз 82 миллион сўмликдан ошиқроқ иш ҳақи ҳамда 2013-2015 йилларда бошқарма ишчи ва ходимларига 33 миллион 260 минг сўмлик мукофот пуллари тўлаб берилади.

C.Ҳабибов раҳнамолигидаги гуруҳнинг қинғирликлари фақат шулардангина иборат эмас. Бошқарма мутасаддилари бошқарманинг йўл-кўприк хўжалиги бўлимини назорат қилиш, туман кўчаларини жорий таъмирлаш юзасидан бўлим бошлиғига тегишли кўрсатма ва топшириқлар беришга масъул ҳисобланишсада, ўз вазифаларига совуққонлик билан қарашган. Оқибатда Чилонзор туманидаги жамоат транспорти қатнайдиган ва бошқа кўчалардаги йўл ҳамда йўлаклар бўйича 2013-2015 йиллар давомида бажарилиши лозим бўлган жорий таъмирлаш ишлари учун тузилган манзилли дастурга асосан, 7 308 м/кв. ҳажмли, қиймати 91 миллион 488 минг сўмлик ишлар сифатсиз бажарилиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган. 

Гуруҳ томонидан шунингдек, бошқарманинг тасарруфида бўлган жамоат транспорти қатнайдиган ва бошқа кўчаларда бажарилган жорий таъмирлаш ишларида аслида сарфланмаган 82,8 тонна асфальт-бетон маҳсулотлари сарфланганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, умумий қиймати 14 миллион сўмдан кўпроқни ташкил этган маҳсулотлар ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинади.

Бундан ташқари, расмий ҳужжатлар ҳисобланган йўл варақалари сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилиб, қалбакилаштирилади. Шу йўл билан 35 миллион 379 минг сўмлик ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ортиқча ҳисобдан чиқарилиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинади.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан судланувчиларнинг ҳар бирига қилмишига яраша жазо тайинланди.