Француз футболчисининг инқилобчига менгзалиши кўп ҳам тўғри бўлмаса керак, лекин шуниси аниқки, у «Бланкос» ичида идеал тизим ярата олди!

«Реал» учинчи минг йилликда илк бор энг яхши мавсумини ўтказмоқда: ЕЧЛда финал кафолатланган, Ла Лигада чемпионликка эришиш учун катта имконият бор. Лекин жамоада ҳеч қандай жанжал, ультиматумлардан дарак йўқ, ечиниш хонасидан ҳам фисқ-у фасод иси чиқмай қўйди. Ҳаттоки Флорентино Перес ҳам ўзини бинойидек тутмоқда: унинг якка-ю ягона гуноҳи — Кейлор Навасга нисбатан бўлар-бўлмасга босим уюштираётгани бўлса керак.

«Реал»да барқарорлик ва самарадорлик даври айнан Зинедин Зиданнинг жамоага бош мураббий этиб тайинланиши билан бошланди. 2016/17 йилги мавсумдаги «Реал» ўзининг бош мураббийига жуда ўхшаш: барча куч-ғайрат ва ҳиссиётлар микст-зонадаги бўлмағур валдирашларга эмас, майдонда натижага эришиш учун қаратилган.

Нима бўлганда ҳам, «Реал»нинг ўта муваффақиятли мавсумида Зизунинг ролига етарлича баҳо берилмаяпти.

Хўш, Висенте дель Боске, Жозе Моуриню ва Карло Анчелотти орзу қилган барқарорликка француз мутахассиси қандай қилиб эришди?

Аввало шунисини англаш керакки, Зидан инноватор ҳам эмас, яратувчи ҳам. Уни маблағларни ақл билан ишлатиб, янада бойиган улкан бойликнинг меросхўри сифатида қабул қилиш керак. Сиртдан қараганда, Зизунинг ҳаракатлари кўзга ташланмайди, шу сабабли вазиятга чуқурроқ назар ташлаш керак.

«Реал»нинг асосий «кўзири» девларга хос жисмоний ҳолатидир: май бошланди ҳамки, «Мадрид»лик йигитлар «Бондюэль» рекламасидаги сабзавотлардан ҳам бардамроқ. Бир қараганда бу ҳол топ-клуб учун табиийдек, лекин «бланкос»ларнинг бардамлигини тасдиқлаб берувчи уч омил борлигини тилга олмасак бўлмайди.

Биринчидан, мавсум клуб учун 9 август куни (Евро-2016 финалидан бир ойгина ўтиб) бошланган, ўшандан бери улар 54 та учрашувда майдонга тушди — бу жуда оғир масофа, бироқ «Реал»да заррача пасайиш бўлгани йўқ. Иккинчидан, «Мадрид» кераксиз турнирда иштирок этиш учун Японияга — клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига узоқ ва эзувчи парвоз билан бориб келди, лекин бу ҳам жамоада инқироз вужудга келишига сабаб бўлмади. Учинчидан, бутун мавсум мобайнида «Реал»да жамоанинг жамики ўйинчилари жароҳатланиб чиқишди, лекин фақатгина Бэйл инобатга олинмаса, уларнинг барчаси тузалгач, дарҳол уз жисмоний формасини тиклаб олишди.

Эҳтимол, битмас-туганмас куч захираси учун Зиданга эмас, жисмоний тайёргарлик учун масъул мураббийга ташаккур билдириш керакдир, Зинедин фақат ротация бўйича энг тўғри қарорларни қабул қилиб тургандир? Испания нашрлари французнинг ёндашувини клубни «А жамоа» (Роналду, Модрич, Рамос ва ҳ.к.) ва «Б жамоа» (Иско, Хамес, Мората, Асенсио, Ковачич ва бошқалар) га бўлиш, деб аташмоқда. Уларни бирлаштирувчи бўғин эса албатта, Марсело: «Реал»да фақатгина унинг ўрнини тўлақонли боса олувчи захира йўқ.

 

 

Моҳият шундаки, «А жамоа»даги тегиб бўлмайдиган юлдузлар асосий ўйинларда майдонга тушишади, «Б жамоа»даги номзодлар эса Зидан катта ўйинларда ҳеч қурса захирадан майдонга тушириб туриши учун шартли «Спортинг»ларнинг бурнини ерга ишқалашади. Оддий гап билан тасвирланганда, жуда мантиқли ва жўяли кўринади, бироқ аввал бу ўта жўн тизим фақат виртуал футбол менежерларида иш берарди. Ҳаётда эртами-кечми ҳамма нарсада адолатсизликни кўрувчи норози вайсақилар пайдо бўлар, алал-оқибатда ўзларига ажратилган фурсатда ҳам барча нарсани барбод қилиб, жамоа юзини ерга қаратар эди.

Зидан феноменининг ноёблиги шундаки, «Б жамоа»га у «Реал»нинг совринлар қўлга киритишида улар нақадар муҳим эканлигини тушунтира олди. Бу йўлда қурбон фақат Альваро Мората бўлиши мумкин, лекин ҳатто у ҳам жорий мавсумда «Мадрид»га улкан фойда келтирмоқда: Ла Лигада ўйнаган 1166 дақиқаси мобайнида испан ҳужумчиси 13 та гол уриб (Криштианудан кейин иккинчи), 4 бор ассистентлик қилган. Мадридликларнинг ҳаммаси ҳам шундай: ҳаттоки кўп фойдаланилмаётгани учун аччиқланиб, қўлларини чалиштирганча захира ўриндиғида сотиб юборилишини кутиши мумкин бўлган Иско ҳам тин олмаяпти.

Натижада, Зидан бир-бирига кўниккан (тажриба туфайли), қувватланган (кучли ички рақобат туфайли) ва ўта чидамли бригадага эга бўлди ва улар иккинчи бор кетма-кет Европанинг энг кучли жамоаси бўлиш сари дадил одимлашмоқда.

Бугунги «Реал»нинг ҳақиқий кучи тартибли, кескин ва ақлли «Атлетико»га қарши ўйинда айниқса, бутун бўй-басти билан намоён бўлди. «Ҳиндулар» ўйиннинг бошида қаттиқ довулга дучор бўлишларини билишарди, «Мадрид» ўйин охирида эзғилаб ташлаши мумкинлиги ҳам англашарди, лекин бу уларни қутқара олмади: «Висенте Калдерон»да энди Чемпионлар лигаси мадҳияси ўрнига дафн маршини қўйиб юбораверишса ҳам бўлаверади.

«Реал»дан нафратланувчилар Зидданни доим унга омад кулиб боқишида айблашади, лекин бундай баёнотлар алаҳсирашдан бошқа нарса эмас. «Мадрид» сўнгги 10 дақиқа ичида 22 та гол урган (Европада энг кўп), бурчакдан оширилган зарбадан 10 та тўп киритилган (Испанияда биринчи ўринда) ва жарима зарбасидан 9 бор дарвоза ишғол этилган (Ла Лигада энг яхши кўрсаткич). Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, омад деганлари ҳеч қачон бундай ҳажмда тақдим этилмайди, лекин Зинединга инсон интеллектини синаш ёқса керак.

«Менга шунчаки ўйинчилар бобида омад кулиб боққан», — дея шарҳлайди Зидан ўз муваффақиятларини, бир вақтнинг ўзида журналистлар ва мухлисларнинг бефаҳмлик даражасини синовдан ўтказаётгандек. Мияси жойида бўлган инсонлар унинг бу сўзларини қуйидагича талқин қилишади: Зизу барча ресурслардан оқилона фойдаланиб, енгилмас «Реал»ни яратди.

Қолганлар эса турли сайтларга кириб, Зиданнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси эканлиги, «Мадрид» Криштианусиз ҳеч нарса эмаслиги, унга ҳакамлар гоҳ махфий ва гоҳ очиқдан-очиқ ёрдам қўлини чўзиши, ўша ҳакамларни эса ўз-ўзидан, ярамас Флорентино Перес бўғзигача пул тиққани ҳақида шарҳлар ёзиш билан банд бўлишади.