Дубай аэропортида паспорт ўрнига смартфон бўлса кифоя

Технология 08 Июнь 2017 13667

Дубай халқаро аэропортининг 3-терминалидан парвоз қилувчи амирликлар бундан буён назоратдан ўтаётиб, паспорт ўрнига смартфондан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақида БАА оммавий ахборот воситаларида маълум қилинди. 

Янги технология Smart UAE Wallet мобил иловасининг яна бир хизмат турига айланди, БАА резидентлари ўз смартфонларига шу иловани юклаб олишса бас. У ҳар бир йўловчи учун сарфланадиган вақтни 9-12 сонияга қисқартириш имконини беради. Тез орада мазкур технология аэропортнинг барча терминалларида ишга туширилади. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг фикрича, ушбу хизмат тури йўловчилар назоратига кетадиган вақтни қисқартиришдан ташқари паспорт ва бошқа ҳужжатлардаги маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш имконини беради. 

Назорат тизимидаги "ақлли кириш" (Smart Gates)дан ўтишда йўловчиларга фақатгина смартфон ва бармоқ излари сканери керак бўлади.

Шу тариқа телефонда илова ёрдамида аэропортдан ўтиш учун зарур бўлган паспорт ва бошқа ҳужжатлар маълумотлари сақланади.

Келгусида иловани шу даражада такомиллаштириш режалаштирилганки, БАА аҳолиси ҳеч бир давлат муассасасида ҳужжатларини кўрсатиб юришига тўғри келмайди - барча маълумотлар уларнинг телефонларидаги штрих-кодда сақланади. 

Кўпроқ янгиликлар