Ҳар йили 8 июль куни нишонланадиган Жаҳон океанлар куни жамоатчилик эътиборини океанлар муаммосига қаратиш мақсадида таъсис этилган. Улар инсоннинг хўжалик фаолиятидан жиддий зарар кўрмоқда. Футуролог олимлар инсониятнинг катта қисми океанларга кўчиб ўтишини истисто этмаяпти, сабаби улар Ер юзасининг 71 фоизини қамраб олган. Бу ғоя инсон учун сув остида уй яратиш устида ишлаётган муҳандисларга ҳам тинчлик бермай келмоқда.

"Диоген" сув ости уйи

Сув ости уйларининг катта қисми 60-70-йилларда Жак Ив Кусто фаолияти сабаб пайдо бўлган, айнан у дунёдаги илк сув ости уйи - "Диоген"ни яратган (у катта бочкага ўхшаш бўлган). Бу уй Марсель бандаргоҳида 1962 йилнинг сентябрида 10 метрлик чуқурликда ўрнатилган. Кейинчалик (1965 й.) Кусто Ўрта Ер денгизида 100 метрлик чуқурликка "Преконтинент-3" лабораториясини жойлаштирди.

Океанларда яшаш ғоясига катта қизиқиш билдирган АҚШ, Англия, ГФР, Болгария, Чехословакия, Польша ва собиқ Иттифоқда ҳам сув ости уйлари ҳамда лабораторияларни қура бошлашган.

Ленинград гидрометеорология институтининг сув ости тадқиқотлар
лабораторияси ходимлари 
"Садко-2" қурилмасини сув остига туширишмоқда

Собиқ Иттифоқда шундай уйлардан учтаси қурилган: "Ихтиандр" – 1966 йилда Донецк шаҳрилик аквалангчилар қуришган; "Садко" – Ленинград гидрометеорология институтининг сув ости уйи; ҳамда "Черномор" – лойиҳа П.П.Ширшов номидаги океаншунослик институти томонидан амалга оширилган.
Бу уйларда ўтказилган тадқиқотларда маълум бўлишича, океанда ҳаёт кечириш мумкин. Бироқ у ўзига хос бўлиб, қатор муҳим муаммоларни ҳал этишни талаб қилади.

Биринчидан, сунъий атмосферани яратиш талаб қилинади. Сув ости уйларида одатда икки ёки уч газ аралашмасидан бўлган атмосфера қўлланган. Вариантлардан бири – азотни гелий билан алмаштириш (бу кессон касаллиги ва азотдан маст бўлиб қолмаслик мақсадида қилинади, сабаби атмосфера босимининг ортганида шундай ҳолат юз беради) ҳамда 2 фоиз кислород қўшиш, бошқа вариант - аралаштириш:  4 фоиз кислородни, 16 фоиз азотни ва 80 фоиз гелийни. Мураккаблик шундаки, бу таркибни аниқликда ушлаб туриш бир қадар қийин.
Иккинчидан, маълум бўлишича, инсон гелийли атмосферада қаттиқ музлай бошлайди. Гелий азотга қараганда кўпроқ иссиқлик ўтказади, ҳамда киши совуқни ҳис этмаслиги учун уйдаги ҳарорат Цельсий бўйича 28 дан 38 даражагача бўлиши керак. Қизиқки, бундай атмосферада ҳеч қандай ҳаракат қилмай ўтирган киши жуда исиб кетади, бироқ нимадир қилишни бошласа, дарҳол совуқни сезади.

Яна бир жиҳат – гелийли атмосферада овоз хусусиятларининг ўзгариши. Ҳаммамиз биламиз, гелийли ҳаво шарчасининг ичидагини ютсак "Дональд Дак" эффекти келиб чиқади – бунда инсон овози товушлари Уолт Дисней мультфильмидаги ўрдакча ғағиллашига ўхшаб кетади. Тасаввур қилинг, ҳар доим шундай оҳангда гапирасиз. Бундан ташқари, акванавтлар нафақат бир-бирларининг овозини ёмон танийди, балки айтилаётган сўзларни ҳам тушунишмайди.

Яна бир муаммо нимадир рўй берса, океан юзасига тезлик билан кўтарилиш имкониятининг йўқлигида. Океан тубида сайрга чиққан акванавт ўзининг сув ости уйига албатта қайтиши керак, - юзага йўл унинг учун ёпиқ. Қандайдир муаммога дуч келган инсонга вақтида ёрдам кўрсатиш учун, сув ости уйдагилар у уйни нима мақсадда ва қандай вазифа билан тарк этгани, унинг қурилмасидаги баллонларда ҳаво олиш қоришмаси миқдорини аниқ билишлари керак бўлади… Бу босимни тезлик билан бир меъёрга келтириш муаммоси билан боғлиқ, сабаби бундай ҳолат фақатгина уй ва қуруқлик ўртасида оралиқ ҳалқа бўлиб хизмат қилувчи барокамерада мавжуддир.

"Jules Undersea Lodge" меҳмонхонаси

Бироқ ҳақиқий акванавт-романтикларга бундай кичик нарсалар муаммо эмас, дея аниқлик киритади Россия фанлар академиясининг тиббий-биологик муаммолар институтининг экстремал шароитларда инсон физиологияси бўлими мудири Александр Суворов:

"Мен ҳозирги пайтда ягона бўлиб турган ишлаётган Флоридадаги сув ости уйида 9 кун яшадим, - у "Jules Undersea Lodge" деб аталади. Сув ости лабораторияси у ерда 7 метрлик чуқурликда, меҳмонхона эса – 5 метрлик чуқурликда жойлашган. Жуда қизиқ, ажойиб таассуротлар. Бироқ ҳаттоки ушбу унчалик чуқур бўлмаган жойдан сўнг ҳам қуруқликка жиддий муаммоларсиз чиқиш учун барокамерада 3 соатлик декомпрессия керак бўлади. Бироқ, кишилар океанларда яшамаслиги учун жиддий тўсиқларни кўрмаяпман. Ўйлашимча, бундай меҳмонхоналар яқин орада қурилади".

Ҳақиқатдан ҳам, бундай лойиҳалар доимий равишда таклиф этилмоқда, уларнинг қурилиши ҳақида маълумотлар берилмоқда ва ҳаттоки меҳмонхона хоналари банд қилинмоқда. Эҳтимол, яқинда Жаҳон океанлари кунини ҳақиқий сув ости уйида кутиб олиш имконияти пайдо бўлади.