Хитой Халқ республикаси раиси Си Жинпинг АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон мулоқоти чоғида америкаликлар маъмурияти Тайвань масаласида «ягона Хитой» сиёсатига амал қилишига умид билдирди. Бу ҳақда Хитой Марказий телевидениесида хабар қилинди.

Икки сиёсатчининг телефон мулоқоти Америка томони ташаббуси билан ташкиллаштирилди.

«Биз жаноб президент «ягона Хитой» сиёсатини маъқуллашини юқори баҳолаймиз. Умид қиламизки, америкаликлар томони АҚШ-Хитой баённомаси асосида Тайван масаласида ҳамкорлик қилади», деган Хитой раҳбари.

Трамп АҚШнинг ушбу масаладаги позицияси ўзгармас эканини таъкидлаган. «Мен яна бир таъкидлашни истардимки, АҚШ маъмурияти ягона Хитой сиёсатини қўллашда давом этади. Бу позиция ўзгармасдир», деган у.

Ўтган ҳафтада АҚШ Давлат департаменти АҚШ Тайванга 1,4 миллиард долларга қурол сотгани, шу билан бирга «ягона Хитой» сиёсатини қўллашини маълум қилганди.

ХХР марказий ҳукумати ва орол вилоят ўртасидаги расмий муносабатлар 1949 йилда тўхтаган. Бу Гоминьданнинг Чан Кайши бошчилигидаги кучлари Хитой коммунистик партияси билан фуқаролик урушида мағлуб бўлгач, Тайванга ўтиб кетгани туфайли юз берган. Тайвань ва Хитой ўртасидаги амалий ва норасмий алоқалар 1980-йиллар охирларида тикланган. 1990-йиллар бошидан эса томонлар нодавлат ташкилотлари орқали алоқада бўлиб турибди.