Мен 2017 йил 17 март куни Кun.uz саҳифасида Шаҳноза Тўрахўжаева деган адабиётшунос олимамизнинг «Лотин ёки кирилл - қай бири маъқул?»  номли мақоласини ўқиб, менда ўз фикримни билдириш ғояси пайдо бўлди. Мен тилчи ёки адабиётшунос эмасман, мутахассислигим иқтисодчи, лекин мақолани ўқиб жуда ҳайратландим. Агар мана шундай адабиётшунос олимларимиздан уч-тўрттаси шунақанги кайфиятда, иккиланиб, чорасиз қолган инсондай лотин алифбосига фикр билдирсалар, тамом, лотин алифбосининг тақдири ҳал бўлади қўяди. Кирилл алифбоси ўз мавқейини сақлаб қолади ва ҳамма лотин алифбосини унутади.

Ҳурматли олимамиз Шаҳноза Тўрахўжаева жуда долзарб муаммони кўтарган. Мақолани ўқиб, лотин алифбоси жонкуярлари борлигига хурсанд бўласиз. Ҳақиқатан ҳам лотин алифбосига ўтиш муддати чўзилиб кетди, лекин бу дегани яхши бошланган савоб ишни йўққа чиқариш дегани эмас, балки қўллаб-қувватлашимиз, лотин алифбосини ҳаётимизга тўлиқ кириб боришига эришишимиз лозим.

Ҳурматли олимамиз Шаҳноза Тўрахўжаева мақолани охирида кириллга қайтсак-чи, деб 1993 йилдан бери лицей, коллеж ва олийгоҳларда ўқиётган ёш авлодни хоҳиш-истакларини инобатга олмаган. Назаримда, бу ҳам нотўғри йўл эмас. Муваффақиятсиз кечаётган лотинлаштириш жараёни бу иш аввал бошдан тўғри бўлганмиди, деган саволни келтириб чиқариши табиий. Хўш, кирилл алифбосига қайтсак, нима бўлади? Шундай қилсак, биз тарихимизни, улкан илмий ва адабий меросимизни, хусусан, том–том китоблар, архивлардаги газета-журналлар, тарихий ҳужжатларга жо бўлган катта маълумотлар уммонини сақлаб қоламиз.

Ҳатто интернет сарҳадларида ҳам кирилл алифбоси ўз ўрнини эгаллади, аввалги техник муаммолар ўз ечимини топди. Биз компьютер технологияларига яқин бўламиз деб алифбомизни лотинчалаштиргунча, техналогияларнинг ўзи кирилл алифбосига яқинлашиб олди. Қолаверса, лотин алифбосини мажбуран сингдиришга уринсак, кўпчилик рус тилида ёзишга ва ўқишга ўтиб кетиши мумкин. Ахир ҳозир фарзандини рус мактабларига бериш урфда–ку. Ана шу акс натижани ҳам назарда тутишимиз керак. Бу – кириллнинг бизга берадиган  имтиёзлари. Фақат бир муаммо юзага келади: шу пайтгача лотин алифбосида ўрганиб келган авлод-чи? У энди саводсиз бўлиб қоладими? Асосли ҳадик. 

Лекин ёшларни ўргатиш катта авлодни ўргатишдан осонроқ, деб осон йўлни танламоқчилар. Менимча, олимамиз Ўзбекистон аҳолисининг жуда озчилигини  ташкил этадиган ва руслашишга хоҳиш-истаклари кучли бўлган инсонлар манфаатини кўзлаб шундай мақола ёзган бўлсалар керак. Ўз фарзандларини рус мактабларига бериш олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам мавжуд.

Бу бизга ҳеч қандай муаммо келтирмайди. Ота-онаси ўзбек бўлиб ўзбекча гаплаша олмайдиган замонавий ўзбекларни назарда тутганлар менимча. Ҳар қандай миллат олдин она тилини мукаммал билиши, ҳар бир миллатни ўз алифбоси бўлиши шарт.

Бизни хурсанд қиладиган ҳолат шуки, йигирма тўрт йил давомида лотин алифбосида таълим олган ёшлар кирилл алифбосида ҳам эркин ўқиб, ёза оладилар. Биз келажакни ўйлашимиз керак. Жаҳон ҳамжамиятига шундай шиддат  билан кириб бораётган ёш, мустақил ва қудратли давлатнинг ўз лотин алифбоси бўлиши шарт.

Давлат рамзлари бўлмиш байроқ, герб, мадҳия қанчалик зарур бўлса, алифбо ҳам шунчалик муҳим ўрин тутади. Бизга қўшни давлатлар ҳам кириллга қайтамиз, деб бонг уришмаяпти. Ўзларида олдин мавжуд бўлмаган ҳарфларни муомаладан чиқариш учун ҳаракат қилишмоқда. Йигирма беш йил давомида шундай улкан ишлар қилган ўзбек халқи бу муаммони ҳам ижобий ҳал қилади. Сабаби биз тўғри йўлдамиз.

Ҳаммамиз учун ҳурматли ва қадрли давлат арбоби, мустақиллигимиз меъмори Ислом Абдиғаниевич Каримов лотин алифбосини муомалага киритишдан олдин шахсан ўзлари телевидениеда чиқиш қилиб, биз нима учун лотин алифбосига ўтишимиз кераклигини, бу жуда тарихий аҳамиятга эга эканлигини, агар фарзандларимиз лотин алифбосини мукаммал билсалар жаҳон тилларини ўрганишлари ҳам осон бўлишини, мисол учун инглиз тилини ўрганиш, лотин алифбосини билганлар учун осон эканлигини қайта-қайта таъкидлаган эдилар.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси асосида ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган ишчи гуруҳ мавжуд аҳволни ўрганиб, лотин алифбосини ҳаётга тезроқ тадбиқ этиш учун муддатини аниқ белгилаб беради, деб умид қиламиз. Лотин алифбосига ўтиш муддати аниқ бўлса, бу алифбони билмаганлар ҳам уни тезроқ ўрганиш чораларини кўришади, албатта.

Ҳотамхон Луқмонов