Украина мактабларининг 70 фоиздан ортиғи рус тили дарсларидан воз кечмоқда. Турли ҳудудларда рус тилига ихтисослашган синфлар ёпилмоқда, бўш қолган соатлар эса инглиз тилини ўрганишга йўналтирилмоқда. Бу ҳақида Украина Таълим вазирлигидаги манбасига асосланиб, RT хабар берди. 

Рус тилидаги машғулотларнинг ўтилиши тўғрисидаги қарорни ҳар бир ўқув муассасасидаги ота-оналар қўмитаси қабул қилади. Аксарият ота-оналар маҳаллий амалдорлар босими остида рус тили дарслари ўтилишига қарши чиқмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мактаблардаги украина тили дарслари сифати талабга жавоб бермайди. 

"Украина мактабларида рус тилида сўзлашувчилар сони тобора камайиб бормоқда. Уч йил аввал Украинадаги 17 мингдан зиёд мактабнинг деярли ҳар бирида рус тили ўқитилган бўлса, ҳозирда ўқув муассасаларининг 70 фоизга яқини бу дарсдан воз кечган", - дейди Таълим вазирлигидаги манба. 

"Ота-оналарнинг аксарияти инглиз тили соатлари кўпайишини исташмоқда", - қўшимча қилади у. 

Маҳаллий маъмурият бундай ўзгаришларга қарши эмас - улар ота-оналарни рус тилидан буткул воз кечиб, украин тилига мурожаат қилишга чорлашмоқда.