Anhor.uz сайти бош муҳаррири Лола Исломова Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг янги Бош директори Лазиз Тангриевга очиқ хат йўллади.

Очиқ хат рус тилида ёзилган ва унинг мазмуни қуйидагича:

«Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорига очиқ хат

Ҳурматли Лазиз Хушбоқович!

Асосий вазифаси мулкчилик шаклидан қатъи назар, оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолиятини амалга оширишга бўлган Конституциявий ҳуқуқларига ва тегишли қонун ҳужжатларига, сўз ва матбуот эркинлиги кафолатларига сўзсиз риоя қилиниши мониторингини олиб боришдан иборат бўлган идоранинг (ЎзМАА Низомида шундай ёзилган) раҳбари сифатида сизга мурожаат қилмоқчиман.

Мустақил журналистика — демократик жамиятнинг асосий белгиларидан бири, мустақилликка эришган Ўзбекистон ҳаётидаги янги саҳифа ҳисобланади. ЎзМАА раҳбари кўп йиллардан бери ОАВ вакилларига баёнот билан чиқиш қилгани қувонарли, албатта. Сизнинг ОАВ вакилларига баёнот тарзида ёзилган «Маънавиятга зарар етказганларни аямаймиз» мақолангиз журналистлар ўртасида қизғин муҳокама ва таажжуб келтириб чиқарди.

Объектив ва конструктив танқид — ўз-ўзидан, тараққиётнинг кучли воситаларидан бир саналади ҳамда камчиликларни кўриш ва бартараф этишда, ҳар қандай ишни олдинга силжитишда ёрдам беради. Бироқ айнан шу воситадан жуда эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак. Сизнинг баёнотингиздан кейин эълон қилинган «Оғриқли нуқта» мақоласи журналистика тақдири учун ташвишланишга мажбур қилмоқда.

Менимча, мамлакат фуқаролари таниқли инсонлар ҳаётининг қандай саҳифаларини билиши «керак»лиги ва қайсиларини билиши «мақбул эмас»лигини аниқлаб бериш — нафақат алоҳида бир шахсларнинг, ҳаттоки ҳеч бир давлат идораси шуғулланишга ҳақли бўлган нарса эмас. Бу инсон нафсониятининг энг нозик торларига тегувчи, энг муҳими — Ўзбекистон Конституцияси билан кафолатланган ахборот олиш ва алмашиш ҳуқуқини поймол этиш ҳисобланади. Ҳеч бир шахс унга бошқа бир шахслар гуруҳи ёки идора нималарни билиш мумкинлиги ва нималарни билишига ҳали эрта эканлигини аниқлаб беришига ҳеч қачон рози бўлмайди.

Ҳар қандай муросасиз кураш жамият барқарорлигига раҳна солади, инсонларни турли лагерларга бўлиб ташлайди, кескинлик ва қарама-қаршиликни келтириб чиқаради ва амалда кутилган натижани келтирмайди. Ўрта асрлар инквизицияси, космополитизмга қарши туриш, жаз, опера ва балетга қарши курашларни ёдга олайлик. Буларнинг бариси хусумат, қарама-қаршилик, инсонларнинг маданий афзалликларига кўра ажратишдан бошқа нарсага олиб келмаган. Бу кураш ташаббускорларига ҳам изланаётган натижаларни тақдим этмаганидек.

Мен сизнинг адабий танқидчилик ва сифатли журналистикани ривожлантириш ташаббусингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Лекин тарих бир давлат фуқароларини «ўзиники» ва «бегона»га бўлиш орқали танқид қилиш — йўқлик сари йўл эканлигини исботлаб бўлган. Келинг, ўтмишдан сабоқ чиқарайлик.

Ўз мурожаатингизда сиз хусусий ОАВларда журналистиканинг сифати паст экани ҳақида сўз очгансиз. Бироқ холислик учун мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ОАВлар, айниқса солиқ тўловчилар ҳисобидан молиялаштириладиган давлат нашрлари ва сайтлари ҳам танқид қилиниши керак.

Лазиз Хушбоқович! Ўн йилга яқин даврдан буён журналистлар «Ўзбекистон журналистлар этикаси миллий кодекси»ни қабул қилиш таклифини билдириб келишади. Сизнинг ёрдамингизда журналистнинг ахлоқ кодекси ниҳоят дунё юзини кўриб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилишига, сўнгра қабул қилиниши ва чоп этилишидан умидвормиз. Шубҳасиз, ахлоқ кодекси қонун эмас, тавсиявий характерида бўлади, лекин у ҳам журналистлар, ҳам журналистик материалларни конструктив танқид қилмоқчи бўлганларга маълум бир мўлжал сифатида хизмат қилади. Ахлоқ кодексининг қабул қилиниши медиа-ахлоқ соҳасида баҳсли масалаларни ҳал қиладиган орган — медиа-кенгашнинг тузилишини тақозо этади. Қолган барча масалалар фақат суд орқали ҳал этилиши керак.

Ҳурматли Лазиз Хушбоқович, кўплаб таниқли ҳамкасбларимиз сизнинг баёнотингиз ҳақида ўз фикрларини билдиришган ижтимоий тармоқларни ўқинг. Балки бир томонлама баёнот бериш эмас, журналистлар доираси билан кенг мулоқот ўрнатиш даври келгандир? Балки ўз ташаббуси билан ОАВ бозорида муваффақиятга эришаётганларни қўрқитиш эмас, уларга ёрдам бериш керакдир?

Ҳурмат билан,

Лола Исломова,

«Anhor.uz» бош муҳаррири».

 

Лола Исломованинг Лазиз Тангриевга очиқ хати ёзасидан Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ҳам ўз фикрини билдириб ўтган:

«Anhor.uz сайтининг бош муҳаррири, журналист Лола Исломова Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриевга очиқ хат билан мурожаат қилди. Бунга агентлик янги бош директорининг ўзбек журналистикаси борасида яқинда қилган баёноти сабаб бўлди.

Шахсан мен мазкур очиқ хатдаги айрим ўринларига унчалик қўшилмасам ҳам, агентлик бош директори баёнотини ўқиб, у ўз фаолиятини маъмурий буйруқбозлик, очиқроқ айтсам, дўқ уришу қўрқитишга уриниш билан бошлагани таажжубга солган эди.

Ўзбек матбуотида юзага келган ночор аҳволга ва унинг келиб чиқишига айбдор мутасаддилар ҳақида бир оғиз айтилмаган бу баёнот бугунги Президентимиз олиб бораётган ошкоралик ва таҳлилга асосланган сиёсат руҳига мутлақо тўғри келмайди.

Матбуотимизда мавжуд камчиликлар ҳақида бизнинг сайтимизда ҳам бир қатор мақолалар эълон қилинган эди. Бу камчиликларни бартараф этиш табиий равишда қаттиққўл сиёсатни эмас, «ундай қиламизу бундай қиламиз», деб шовқин солиш билан эмас, балки очиқ ва аёвсиз таҳлил асосидагина амалга оширилиши керак. Энг аввало, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг бир қатор раҳбарлари коррупция билан боғлиқ можароларга алоқадор бўлган бир пайтда агентликнинг ўзи қандай ўзгаришлар қилажагини ошкор қилиши лозим эди».