«Тараққиёт стратегияси» маркази Ёшлар сектори барча талабаларни янги лойиҳа - «Ўзбекистон Республикаси Парламенти Модели»га таклиф қилмоқда. Ушбу ғоя Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қонун лойиҳаларини қабул қилиш ва муҳокама жараёнларининг симуляцияси ҳисобланади. Парламент Модели иштирокчилар – ёш депутатлар учун қизғин мунозаралар ва интеллектуал муҳокамаларда фаол қатнашиш имкониятини тақдим этади. 

Лойиҳада талабалар қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши, муҳокамаси ва қабул қилинишида бевосита иштирок этади, музокаралар олиб бориш ва нотиқлик санъати ҳамда етакчиликда ўз қобилиятларини синаб кўрадилар. Шунингдек, қатнашчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ишлаш механизмида иштирок этиш ва 2017 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожланишининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар, хусусан «Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш» устувор йўналиши бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Симуляция давомида қабул қилинган қонун лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун таклиф сифатида тақдим этилиши кўзда тутилган. Парламент моделида иштирок этиш истагида бўлганлар «​Тараққиёт стратегияси»​ марказининг расмий сайти орқали ариза топширишлари мумкин. Ариза топширганлар орасидан 150 нафар иштирокчи саралаб олинади. Аризалар 2017 йил 10 сентябрьгача қабул қилиниши маълум қилинмоқда.