Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегациянинг Ҳиндистонга ташрифи доирасида 22 август куни Деҳли шаҳрида ўтказилган бизнес-форум якунида умумий ҳажми 80 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 22та шартнома ҳамда умумий ҳажми 70 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 20та инвестицион битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ расмий сайти маълум қилди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Ҳиндистон савдо ва саноат давлат вазири Нирмала Ситҳараман, «Ҳиндистон-МДҲ» Савдо-саноат палатаси фахрий президенти Ражан Мадҳу, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари нутқ сўзлашди.

Абдулазиз Камилов форумнинг очилишида сўзлаган нутқида Ўзбекистон учун Ҳиндистон билан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доираларимиз ўртасида янада яқин муносабатларни ўрнатиш, республикадаги ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этишга янги ҳинд компанияларини жалб қилиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар ўсувчан суръатларда ривожланмоқда. Сўнгги 5 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2 баробардан ортиқ кўпайди ва 2016 йил якунларига кўра 370 млн. АҚШ долларини, 2017 йил биринчи ярмида 166,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда ҳинд капитали иштирокидаги 101та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 15таси 100 фоиз чет эл капитали асосида ишламоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ташкилотлари ва компаниялари Ҳиндистон бозорига экспорт маҳсулотларининг кенг номенклатурасини, жумладан пахта толаси, қайта ишланган калава ип, йигирилган ип ва мато, мис ва ундан ишланган буюмлар, кимёвий маҳсулотлар, минерал ўғитлар, электротехника ва кабел-ўтказгич, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришга ҳамда кўрсатиладиган хизматлар спектрини кенгайтиришга тайёр.

Ўз навбатида Ўзбекистон талаб мавжуд бўлган тайёр саноат маҳсулотларини, жумладан кимёвий товарлар, дори-дармон воситалари, текстил ва кўнчилик тармоқларидаги, информацион технологиялар ва телекоммуникациялар ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ишлаб чиқишни ташкил қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун Ҳиндистоннинг юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор.

Вазир Ҳиндистон бизнеси вакилларига Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиш суръатлари ҳақида маълумот берди.

Вазир форум иштирокчилари диққатини бугун Ўзбекистонда чет эл инвесторлари учун барча зарур шароитлар яратилганига қаратди: солиқ имтиёзлари, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини божхона тўловларисиз олиб кириш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга инвестиция киритгандаги бошқа енгилликлар. Бир неча йилдан бери Навоийда, Ангренда, Жиззахда эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсатиб келмоқда. Яқинда Ҳазораспда, Қўқонда, Ургутда ва Ғиждувонда яна тўртта шундай зоналар ташкил этилди. Бундан ташқари, Президент фармонига кўра ҳозирда Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқишга ихтисослашган еттита ЭИЗ фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ҳиндистонлик инвесторларни мазкур эркин иқтисодий зоналарда ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишда кенг иштирок этишга таклиф этди.