ЖЧ-2018 саралаши доирасида навбатдаги турлар олдидан We Global Football’нинг Twitter саҳифасида терма жамоаларнинг мундиалга йўлланма олиш имкониятлари баҳолаб чиқилди.

Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоасида 2018 йили Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига бориш учун имкониятлар 37,83 фоизга тенг. Самвел Бабаян қўли остидаги жамоа «Омад кулиб боқиши керак» дея номланган гуруҳга жойлаштирилган.

Ўзбекистонликлар гуруҳида Эрон аллақачон йўлланмани нақд қилган, иккинчи ўриндаги Жанубий Корея термасида 14, учинчи ва тўртинчи ўринлардаги Сурия ҳамда Ўзбекистон терма жамоаларида 12тадан очко бор.

We Global Football талқинига кўра, 5 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистонга қарши ўйнайдиган кореяликларнинг Россиядаги мундиалга бориш имконияти 72,71 фоизга тенг. Охирги турда Эронга қарши сафарда ўйнайдиган Суриянинг имконияти 13,63 фоизга тенг, деб кўрсатилган. Бу Эрон охирги турни ўз мухлислари қаршисида ўтказиши ва мағлубиятсиз ҳамда дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолиш сериясини давом эттиришга уриниш билан изоҳланади.

Лекин қайд этиш керакки, Хитойдаги мағлубиятдан кейин тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш имконияти Ўзбекистоннинг ўз қўлида эмас. Агар 5 сентябрь куни кореяликлар кичик ҳисобда мағлубиятга учратилсада, Сурия Эрон устидан ғалаба қозонса, иккинчи ўринни эгаллаб, Россияга чиптани қўлга киритади.

Назарий максимумга кўра, йўлланмани қўлга киритиш имкониятини сақлаб қолган Хитой эса учинчи йўлланмадан умид қилиши мумкин. Айни вақтда хитойликларда 9 очко мавжуд. Агар охирги турда Сурия ва Ўзбекистон ўз ўйинларида енгилиб, Хитой Қатарни йирикроқ ҳисобда енгса, учинчи ўринга кўтарилиши мумкин. Бунда имконият ҳатто 1га ҳам тенг эмас — 0,25.

Қатар аввалги турлардаёқ, муддатидан аввал курашдан чиқиб бўлган.