Жиноят кўчасига бир эмас, бир неча марта кириб чиққан, қонун олдида тегишли жазосини олиб, бундан ўзига хулоса чиқармаган Адиба Пирманова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) товламачилик “касби”ни давом эттиради. У фуқаро Ж.Оташова билан унинг тилла тақинчоқлари пулини ҳам ойда бўлиб тўлашга келишади ва сотиб олади. Тилла буюмлар қўлга киритилгандан кейин эса, улар нақд пулга сотилади ва маблағлар шахсий манфаатлар йўлида сарфланади. Ж.Оташовага берилган ваъдалар эса, ваъдалигича қолиб кетаверади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Аёл қилмишини давом эттириб, шериги Зарифа Арузева билан жиноий тил бириктиради. Улар фуқаро Ҳ.Яхшибоеванинг 42 миллион сўми бўлган пластик карточкасини етти фоиз эвазига нақд пул қилиб берамиз, деб алдаб олиб, пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишади.

Нукуслик Лобар Жанабаева ҳам товламачилик борасида дарс берадиганлар тоифасидан экан. У одамларга ўзини “Марказий банкда бўлим бошлиғиман” деб таништиради. “Тошкент-Нукус” йўналишида юк ташийдиган бир нечта автомашиналарим бор”, деб одамлар орасида гап тарқатади. Л.Жанабаеванинг бу гапларидан сўнг айрим содда одамлар унинг қармоғига илинишади. Хусусан, бу аёл фуқаро А.Каримбоевага арзон ун олиб келиб беришга ваъда бериб, унинг 40 млн. сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.

Юқорида номи келтирилган товламачиларнинг барчасига суд ҳукми билан қонуний жазо тайинланди.