Атлантика океанида юзага келган “Ирма” довули Франциянинг денгиз орти ҳудудлари Сен-Бартелеми ва Сен-Мартен оролларига ёпирилиши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Гваделупа вилояти префектига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

“Биз 6 та ўлимни қайд қилдик”, деб айтган префект Эрик Мэр ва бу ҳали якуний маълумотлар эмаслигини қўшимча қилган.

Маълум қилинишича, табиий офат Сен-Мартен ороли француз қисмининг 95 фоизини вайрон қилган. 

Довул оқибатида ороллар электр таъминотисиз қолиб кетган. Тошқинлар вужудга келган, шамол уйларнинг томини қўпориб ташлаган.

Мутахассислар фикрича, “Ирма” яқинда АҚШнинг Техас штатига ёпирилган ва 2005 йилдан бери энг вайронкор деб ҳисобланган ва кучли тошқинларга олиб келган “Ҳарви” довулидан ҳам кучлироқдир.