Коррупция қанчалик жирканч, мамалакат тараққиётига тўғаноқ бўлувчи энг кучли иллат эканлиги аксариятга маълум. Ана шу иллатга қарши курашда журналистларнинг вазифаси нималардан иборат, ўрни қандай? Оммавий ахборот воситалари бу йўналишда нималар қила олиши мумкин?

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, дунёнинг барча мамлакатларида у ёки бу тарзда коррупция намоён бўлмоқда. Ҳалқаро валюта жамғармасининг тақсимловчи директори Кристин Лагарднинг маълум қилишича, ҳар йилги поралар қиймати 2 трлн долларгача. Яъни бу миқдор дунё ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини ташкил қилади. Коррупциялашган соҳалар қаторида биринчи навбатда давлат харидлари, қурилиш, жумладан, йўл қурилиши, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари тилга олинмоқда.

Кузатувчилар коррупциянинг иқтисодий, ижтимоий ва маънавий зарари ҳақида сўз юритишади. Ушбу иллат жамиятда ижтимоий тенгсизликни кучайтириши, иқтисодиётнинг бир текисда ривожланишига тўсқинлик қилишидан ташқари, аҳолининг ҳокимиятга, адолатга бўлган ишончини сўндиради. Фуқаролар орасида бефарқлик, лоқайдлик кучайишига олиб келади.

Жамиятимизда кўзга ташланадиган турли иллатлар, жумладан, коррупция ҳақида сўз кетганда, айримлар «аҳволни яхшилаш учун 50 ҳатто 100 йил керак, бир нечта авлод алмашиши лозим» деган фикрларни ўртага ташлашади. Аммо айрим давлатлар тажрибаси бу муаммони нисбатан қисқа давр ичида енгиш, тўлалигича бўлмаса ҳам, кескин камайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Буни Сингапур, Индонезия, Болгария, Польша каби қатор давлатлар мисолида кўриш мумкин.

Коррупцияга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамкорликда ҳаракат қилишлари қанчалик муҳимлигини ҳалқаро тажриба кўрсатиб турибди. Бежиз республикамизда жорий йилнинг бошида кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунда «Оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши» деган алоҳида модда киритилмаган.

Афсуски, ҳанузгача бизнинг ОАВ фақат МХХ ва ИИВ томонидан аниқланган коррупцион ҳолатлар ҳақида ҳабар тарқатиш билан чекланиб қолмоқда. Коррупцияга қарши кураш воситалари сифатида хорижлик касбдошларимиз журналист текшируви олиб боришади, давлат органлари тарқатган маълумотларни, амалдорларнинг чиқишларини таҳлил қилишади, уларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари тўғрисида аҳолини хабардор қилиб туришади.

Бизда бу борада юзага келган вазиятнинг асосий сабаби - журналистнинг ўзини ҳимоясиз ҳисоблашида десак, хато бўлмайди. Коррупцияга дахлдор ҳолатларни очиб бериш учун журналист текшируви олиб боришнинг ўзи бир машаққат. Гоҳида оддий ахборотни қўлга киритиш муаммо бўлиб турган пайтда, порахўрлик, мансаб вазифасини суиистеъмол қилганлик, юқори вазифаларга тайинлашдаги ошна-оғайнигарчилик кабилар тўғрисида маълумот олишнинг ўзи бўладими?!

Журналист ўзини минг куйга солиб, хавф-хатарга қарамасдан ахборот тўплаб, мақола тайёрлади дейлик. Уни чоп этадиган мард бош муҳаррир топиладими? Уни интернет тармоғида чиқарган тақдирда ҳам журналистнинг бошига тўқмоқ туша бошласа, уни ким ҳимоя қилади? 

Ривожланган демократик мамлакатларда жамият манфаати йўлида ҳаракат қилиб, унинг ривожу равнақига тўғаноқ бўладиганларни фош қилган журналистнинг ҳимоясига қонун, эркин суд тизими, кенг жамоатчилик отланади. Бизда эса журналистнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилот ҳам йўқ. 

Чала ўлик туғилган Журналистлар ижодий уюшмаси аталмиш ташкилот ва унинг жойлардаги бўлимлари ҳеч нарсага қодир эмаслигини намойиш этмоқда.

Фақатгина ишхонада, юмшоқ креслода ўтириб олиб, коррупция ва бошқа иллатлар ҳақида мақола ёзиш мумкин эмаслигини, вазиятдан хабардор бўлиш, уни чуқур таҳлил қилиш учун унинг ичига кириш зарурлигини кейинги пайтда янада яққол тушундим. 

Гап шундаки, кейинги икки ой ичида Самарқанддаги «Умар» компаниясининг фаолияти билан чуқур танишиш мақсадида ҳар куни бир неча соат вақтимни у ерда ўтказаяпман. 

Компания кўптармоқли бўлиб, тижорат, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳалари билан шуғулланадиган МЧЖ шаклидаги корхоналарни ўз ичига олади. Энг муҳими, кейинги ойларда компания жуда катта миқдорда хориж сармоясини жалб қилган ҳолда турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма корхоналар ташкил этиш режасини амалга оширмоқда.

Тадбиркорларнинг ҳар кунлик фаолияти билан яқиндан танишиб, уларга қанчалик оғир эканлигининг гувоҳи бўлиб турибман. Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча шароит яратиб бераётган бир пайтда, маҳаллий давлат ва суд органларининг уларга нисбатан муносабатини соғлом ақл билан тушуниш мумкин эмас.

Бузилган ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишимни сўраб тадбиркорлар, оддий фуқаролар менга мунтазам мурожаат қилиб туришади. Аксарият шикоятлар, маҳаллий ҳокимликларнинг ер участкаларини ажратиш ҳамда қурилиш соҳасидаги камчиликлар, ҳуқуқ-тартибот органларининг фуқароларга нисбатан муносабати, давлат идораларига иши тушганларнинг сарсон-саргардонликлари ҳақида. Ҳар бир ҳолат бўйича журналист текшируви олиб борай десам, бунга вақтим ҳам, кучим ҳам етмайди.

Мисол келтирадиган бўлсам, ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган ер майдонида савдо мажмуаси қуришга ҳоким қарор чиқарганда, маданий ёдгорликларини сақлаш инспекцияси қаршилигига эътибор қаратмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Ёки Самарқанд шаҳрининг икки жойида хусусий мактаб қурмоқчи бўлган икки тадбиркорнинг ташаббуси нега бўғиб келинмоқда? Суд қарорларидан норози бўлиб юрганлар қанча!

Ҳақиқат қидириб, каминага Хоразм ва Фарғона вилоятларидан ҳам мурожаат қилишди. Қувасой туманидан тадбиркор Гаипов Алоҳиддин икккита масалада сарсон бўлиб юрганлигини, Фарғона вилояти ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар унинг эътирозини инобатга олишмаётганлиги ёзиб, ёрдам кўрсатишимни сўраган.

Интернетда ҳам муаммоси ҳал бўлмаётган фуқароларимиз мурожаати талайгина. Мана, улардан бири (20 сентябрда эълон қилинган). KUN.UZ сайтида самарқандлик тадбиркор Хайтмурат Элмуратов «Вилоятдаги мутасаддилар туфайли корхонам 552 миллион зарар кўрди» деб ёзибди. Тадбиркорнинг мурожаатига муносабат билдириб, таҳририят қуйидагиларни қўшимча қилибди: «Айниқса, вилоят ҳокими (эндиликда собиқ) ўринбосари О.Очилов томонидан Ҳукумат қарори бўйича «Камолот» уйлари қурмаётган ва бундай нархда цемент олишга ҳақи бўлмаган ташкилотларга ҳам бериб юборилиб, қурилиш қилаётган ташкилотларга катта зарар етказгани, боз устига, вилоят прокуратураси бу ҳолатда ҳеч қандай жиноят аломатларини кўрмагани ҳақида жавоб хати йўллагани кишини таажжубга солади».

Мен ҳам кўпинча ана шундай таажжубга соладиган ҳолатларга дуч келаман. Юқорида таъкидланганидек, қўлимда журналист текшируви олиб боришга арзийдиган шикоятлар анчагина. 

Ахборот олиш енгиллашса, ўзимни журналист сифатида ҳимояланган деган ишончим бўлса, жумладан, тўғри сўзим учун таъқибга учраганимда, жамоатчилик ва ўзимизнинг ташкилот «биз бормиз» деб туриб олишса, иш кўплигига қарамасдан, текширувни охиригача олиб борардим. Бу ишга бошқа касбдошлар ҳам кириб кетишарди.

Оддий бир ҳолатда ҳуқуқ-тартибот органлари журналистни менсимаётган бўлса, коррупцияга қарши курашмоқчи бўлганга қандай муносабат билдиришади? Битта жавобни 50 кун кутяпман. Бу ерда кўпчилик оғзига тушган воқеа – милиция подполковнигининг қонунбузарлиги назарда тутилган. 

Жамиятимизда қонун устуворлигига камарбаста бўлиши лозим бўлган Бош прокуратура аллақачон ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдириши керак эди деб ўйлайман. Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасига биноан, Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар оммавий ахборот воситалари берган хабарлар асосида жиноят ишини қўзғатиши мумкин. Бунинг учун жабрланувчиларнинг аризаси талаб этилмайди.

Кимдир бу жумлаларни ўқиб, «э, нима деяпсиз, Бош прокуратура ва унинг жойлардаги бўлимлари матбуот анжуманлари ўтказишдан, журналистлар билан учрашишдан узоқлашган бир пайтда, сизнинг дардингиз билан неча пуллик иши бор» деб қолса, бундай кишини тушунган бўлардим.

Хуллас, коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситалари, ҳар бир журналист жиддий киришиши учун маълум ҳуқуқ майдони яратилиши лозим. Шунда ОАВ ходими жамиятда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш йўлида ҳаракат қилиб, давлат органларининг фаолияти тўғрисида очиқ сўз юрита олади.

Корруцияга қарши курашда барча адолатпарвар, Ватан ва халқ манфаатини ўйлайдиганлар бирлашмас экан, сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар, мамлакатимиз равнақи ҳақидаги интилишлар ёқимли гап-сўзлигича қолиб кетаверади. 

Ушбу йўналишда ижро ва суд ҳокимиятлари устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш учун уларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш каби вазифаларга ҳам эътибор қаратиш долзарблик касб этмоқда.
 

Тошпўлат Раҳматуллаев