Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи, полковник С.Нишонбоев Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳисобот берди. У вилоят кесимида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан депутатларга ахборот берган. 

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев вилоят, шаҳар ва туманлар ички ишлар идоралари раҳбарларининг халқ кенгашларида ҳисобот бериши йўлга қўйилиши ташаббусини илгари сурган эди. Шунга биноан амалга оширилган ушбу ҳисоботда қайд этилишича, тергов органлари томонидан жами тамомланган жиноят ишлари бўйича айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган. 

Қотиллик, қасддан баданга оғир, ўрта ҳамда енгил шикаст етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, безорилик жиноятлари камайишига эришилиб, маҳалла посбонлари берган хабарларга асосан 176 та жиноят фош этилган. 249 та жиноий гуруҳлар таркибида иштирок этган 628 шахснинг содир этган 387 та жинояти фош этилди.

Нишонбоевнинг эътироф этишича, вилоятда айрим тоифадаги жиноятларнинг олдини олиш борасида профилактик ишларни кучайтириш лозим. Жумладан, ўғрилик, фирибгарлик, автотранспорт воситасини олиб қочиш, йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ 
жиноят турлари ошган.

Таҳлилларнинг кўрсатишича, аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг асосий қисми оиладаги низолар туфайли содир этилмоқда. Хусусан, аёллар томонидан содир этилган қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятлари турмуш ва бирга ҳаёт кечириш масалаларидан, яқин қариндошлари ўртасидаги келишмовчиликлар натижасида келиб чиққан.