Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва вилоятдаги бир қатор туман ва шаҳарлар расмий сайтлари 6 январ куни ҳакерлар ҳужумига учради. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
«Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 2021 йилнинг 6 январ куни вилоят, шаҳар ва туманларнинг расмий сайтлари ҳакерлар ҳужумига учраганлигини маълум қилади», дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги расмий сайтида ҳакерлар томонидан вилоят ҳокимига мурожаат ёзиб қолдирилган.
«АКТ бўлимига университетни отасининг пулига тугатган каттаконларнинг боласини эмас, соҳа бўйича ҳақиқий мутахассисларни ишга олинг. Биз бугун ҳокимият тизимига кириб бордик. Агар яхши мутахассисларни эътиборга олиб, уларга қимматли вақтингизни ажратмасангиз, бутун интернетда сизнинг ёпиқ қарор ва фармойишларингиз шармандаларча тарқалади. Хавотир олманг, сизнинг ‘тупой’ АКТ ходимларингиз шарофати билан биз бутун ҳокимият тизимига кириб улгурдик», дейилади унда.
Вилоят ҳокимлиги сайтидан ташқари Шўрчи, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шеробод, Олтинсой, Музработ, Денов, Узун, Ангор ва Қизириқ туманлари ҳокимликлари сайтлари ҳам ҳакерлар ҳужумига учраган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳозирда сайтларни асл ҳолида ишлатиш чоралари кўрилаётгани ва бу ҳақда қўшимча маълумотлар тақдим этилишини маълум қилган.