Ўзбекистон | 18:24 / 15.09.2025
4830
2 дақиқада ўқилади

Вояга етмаганларга нисбатан уятсиз ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилади

Шунингдек, болалар тасвирланган порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жавобгарлик белгиланади.

Фото: Flickr

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишида «Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қайд қилинишича, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан телекоммуникация тармоқларидан ёки интернетдан фойдаланиб, уятсиз ҳаракатлар қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Шунингдек, болалар тасвирланган порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жавобгарлик белгиланади.

— Мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга вояга етмаганлар ҳимояси юзасидан қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, — деди фракция аъзоси Сайёра Имомова. — Шунингдек, вояга етмаганларни жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида сўроқ қилиш муддатлари ҳам аниқ белгиланмоқда. Яъни, давомийлиги 1 кун этиб белгиланяпти. Шу билан бирга, бу жараёнларда уларга жавобгар шахслар ҳам биргаликда иштирок этиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳаси вояга етмаган фарзандларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Таъкидланишича, болаларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган ишлар амалга оширилишига қарамай, бу борадаги номақбул ҳаракатлар камаймаяпти. Маълумотларга кўра, 2025 йил 8 ойида вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жинояти 36 фоизга ортган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид