Ўзбекистон илк марта PIRLS дастурида қатнашади. Бу нима учун муҳим?
Ўзбекистон мактаблари 2021 йилда илк марта PIRLS халқаро тадқиқотида иштирок этади. Бу жараёнга бир неча йилдан бери тайёргарлик кўрилмоқда. Хўш, бундай халқаро тадқиқотларда иштирок этиш бизга нима беради?
Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев Kun.uz билан суҳбатда шу ҳақда маълумот берди.
«Халқаро тадқиқотлар таълим сифатини шаффоф кўрсатиб беради»
— Ўзбекистон тарихда илк бор таълим бўйича халқаро тадқиқотларда иштирок этиш қарорини қабул қилди. Бундай халқаро тадқиқотлар мамлакатимиздаги таълим сифати қай ҳолатда эканини шаффоф ва асосли равишда кўрсатиб беради. Чунки бу тадқиқотларнинг устида ишлайдиган олимлар бутун дунёдан танлаб олинган, ўз соҳаси усталари. Баҳолаш мезонлари халқаро тестология стандартларига асосланади.
PIRLS тадқиқоти натижасида бошланғич синф ўқувчисининг билимини, ўқиган матнини қай даражада тушуниши, шундан келиб чиқиб фикрлай олиши таҳлил қилинади.
PISA тадқиқоти эса 15 ёшли ўқувчилардаги билим сифатини аниқлаб беради. Бизда бу асосан 9-синф ўқувчилари. Улар мактаб даврида олган билимини ҳаётида қанчалик қўллай олиши ўрганилади.
TIMSS эса 4-8 синф ўқувчиларидаги математик саводхонлик даражасини текшириб беради.
TALIS дастурида эса таълимга алоқадор барча шахс ва жараёнлар таҳлил қилинади: ўқувчи, ўқитувчи, директор, ота-оналар муносабатларининг йўлга қўйилиши ўрганилади. Таҳлиллар юздан ортиқ саволларга берилган жавобларга асосланади.
Бунда аввало ўқитувчилар жамоаси ичидаги ҳамда уларнинг директор билан муносабатларидаги муҳит ўрганилади. Кейингиси, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабат. Учинчи йўналиш – мактаб ва ота-она ўртасидаги алоқа қандай йўлга қўйилгани. Тўртинчиси, мактаб директори ва ўқитувчилар ўз устида қай даражада ишлаётганини аниқлашга қаратилган.
Юқорида саналган тадқиқотлар натижаси жамланса, республикамиздаги 11 йиллик умумий ўрта таълим тизими сифатига умумий баҳони бера оламиз.
Ўқувчилар билим даражаси, ўрганган билимини ҳаётга татбиқ эта олиши, ўқитувчининг иш самарадорлиги, мактабдаги бошқарув қай ҳолатда экани, ота-оналарнинг мактабдаги муҳитдан қанчалик хабардорлиги ҳақида маълумотлар ўз-ўзидан шаффоф ва нейтрал тарзда келиб чиқади.
«Тадқиқот хулосасида ютуқ ва камчиликлар аниқ кўрсатилади»
— Бу йил PIRLS тадқиқотида иштирок этганимиздан сўнг, натижаси катта эҳтимол билан 2022 йилда маълум бўлади. Ҳар бир халқаро тадқиқот ўтказилгач, бир йил ўтиб чуқур ўрганилган таҳлиллар натижаси бутун дунё бўйлаб эълон қилинади.
Масалан, PISA тадқиқотларида 90 та мамлакат иштирок этса, ўрганиш натижалари ана шуларни жамлаган рейтинг кўринишида эълон қилинади. Натижа ижобий ёки салбий бўлишидан қатъи назар, бунга олиб келган омиллар аниқ фактлар асосида санаб берилади. Ўз ўрнида, салбий оқибатларни бартараф қилиш учун тавсиялар ҳам берилади.
Ҳукуматнинг таълим тизимида қабул қиладиган кейинги қарорлари шу тавсияларга мос бўлса, бу мамлакатнинг кейинги тадқиқотлардаги натижалари яхшиланишига асос бўлади.
«Бу тадқиқотлар Ўзбекистонга сармоядорлар кириб келишига ҳам туртки бўлади»
— Тадқиқотда иштирок этишнинг Ўзбекистонга яна бир фойдали томони шундаки, халқаро даражадаги тадбиркорларнинг сармоя йўналтиришларига туртки бўлади. Маълумки, сармоядорлар бир давлатга маблағ киритишдан аввал ўша мамлакат аҳолисининг турмуш даражаси, саломатлиги, иқтисодий таъминоти билан қизиқар экан, асосий эътиборни яна бир жиҳатга қаратади. Яъни, киритаётган сармоясини янада оширишга салоҳияти етадиган кадрлар мавжудлигига эътибор беради
Ўрта таълимдаги тадқиқотлар сармоядорларга ана шундай маълумотларни шаффоф, холисона тарзда тақдим этади. Ўзбекистон таълими ҳақида ҳам ошкора маълумотларни шу рейтингда олиш мумкин бўлади.
Тадқиқотларда иштирок этишдан кўзланган асосий мақсадлардан яна бири таълимимиз ҳақидаги маълумотларни бутун дунёга очиқ тақдим этиш. Йирик тадбиркорлар шундан келиб чиқиб қарор қабул қилишади.
Албатта Ўзбекистон бу тадқиқотларда илк иштирокидаёқ юқори натижа ололмаслиги мумкин. Бир нарсани унутмаслик керакки, дунёда таълим тизими ҳали оқсаётган, мавжуд муаммолари бор мамлакатларнинг таълимини ривожлантириш учун сармоя тикиш ниятидаги сармоядорлар ҳам бор.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
16:39 / 28.12.2024
Путин рус тилини билмайдиган мигрант болаларини мактабга қабул қилмаслик тўғрисидаги қонунни имзолади
15:02 / 25.12.2024
Айрим мактаб ходимларига устамалар тўлаш такомиллаштирилади
12:08 / 21.12.2024
Загребдаги мактабда пичоқли ҳужум: бир бола ҳалок бўлди, яраланганлар бор
19:39 / 19.12.2024