Ўзбекистон | 22:12 / 20.02.2023
51347
2 дақиқада ўқилади

Март ойида ўзбекистонликлар қайси саналарда дам олади?

Олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимларга март ойида 2 кунлик қўшимча дам олиш куни берилади. 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар эса бу кунлари дам олиш эвазига шанба кунлари ишга чиқади.

Фото: Getty Images

Президентнинг “2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан:

  • беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар – 5 кун (18-22 март кунлари);
  • олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар – 4 кун (19-22 март кунлари) кетма-кет дам олади.

Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимларнинг дам олиш кунлари қуйидагича кўчирилади:

  • 11 март — шанба кунидан 20 март — душанба кунига;
  • 25 март — шанба кунидан 22 март — чоршанба кунига.

Шунинг ҳисобига беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган 11 ва 25 март кунлари ишга чиқишларига тўғри келади.

Олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 20 март — душанба ва 22 март — чоршанба кунлари қўшимча дам олиш кунлари бўлади.

Иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 23 март, пайшанбадан бошлаб одатдаги иш куни ҳисобланади.

Маълумот учун, 8 март (чоршанба) — Хотин-қизлар куни ҳам Меҳнат кодексининг 131-моддасига асосан дам олиш (ишланмайдиган) куни ҳисобланади.

Мавзуга оид