Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурияда собиқ президент Башар Асадни ҳибсга олишга ордер берилди
Фото: Reuters
Дамашқ суди ўтган йилнинг декабрида ҳокимиятдан ағдарилган Сурия президенти Башар Асадни ҳибсга олишга ордер берди. Айбловлар 2011 йилда Даръа вилоятида ҳукуматга қарши норозилик намойишларини бостириш билан боғлиқ. Айнан шу намойишлар бошқа давлатлар, жумладан, Россия иштирокидаги кенг кўламли урушга айланган қонли можарони бошлаб берганди. Асаднинг ўзи ўтган йил декабрида исёнчилар ҳокимиятга келганидан кейин қочиб кетган, у ва оиласига Россия томонидан бошпана берилган.
Суриянинг Sana ахборот агентлиги маълум қилишича, Даръада шафқатсизлик билан бостирилган норозилик намойишлари вақтида ҳалок бўлганларнинг қариндошлари судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Асад қасддан одам ўлдириш, қийноқлар, ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишда айбланмоқда.
Сурия Олий суди таъкидлашича, Сурия суди томонидан берилган ҳибсга олиш ордери Башар Асадни Интерпол орқали халқаро қидирувга бериш имконини беради.
Даръада норозилик намойишлари 2011 йил март ойида бошланган. Апрел ойи охирида норозилик намойишларини бостириш учун шаҳарга армия бўлинмалари ва зирҳли техникалар киритилган.
Ўшанда мамлакат хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўт очган. Активистлар Даръадаги норозилик намойишларининг дастлабки бир ярим ойида юзлаб намойишчилар ҳалок бўлганини маълум қилишган.
Июл ойида Франциянинг Кассация суди Сурия собиқ президентини ҳибсга олиш ордерини бекор қилганди. Суд қарорига кўра, Башар Асад Сурия президенти сифатида ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар учун ҳам жиноий жавобгарликка тортилишдан ҳимояловчи иммунитетга эга бўлган.
Франциядаги ордер Асад ҳали Сурияда ҳокимият тепасида эканида – 2023 йил ноябрида – 2013 йилда кимёвий қурол қўллаш бўйича жиноий иш доирасида берилганди.
Ўшанда прокуратура Асаднинг давлат раҳбари сифатида дахлсизлигидан келиб чиқиб, ушбу ҳибсга олиш ордерининг қонунийлигига эътироз билдирганди.
2025 йил январ ойида, режим қулаб, Асад Суриядан қочиб кетганидан сўнг, Францияда Сурия собиқ президентини инсониятга қарши жиноятлар айблови билан ҳибсга олиш учун яна бир ордер берилди. Бу айбловлар 2017 йилда Сурия ва Франция фуқаролигига эга шахс ҳалок бўлган Дума шаҳри бомбардимон қилингани билан боғлиқ.
Сурияни қарийб чорак аср бошқарган Башар Асад ўтган йилнинг декабрида ҳокимиятдан ағдарилиб, Россияга қочиб кетганди. Унинг оиласи ва ўзи Сурияда тузум қулаганидан сўнг Москвадан бошпана топган.
2011 йилда бошланган Суриядаги фуқаролар уруши давомида ҳукумат юз минглаб одамларни қийноқлар одатий ҳол бўлган лагерларда ушлаб турган.
«Седная» қамоқхонасидаги маҳбуслар ва бедарак йўқолганлар уюшмаси (ADMSP) маълумотларига кўра, 2011 йилдан 2018 йилгача ушбу қамоқхонада қийноқлар, тиббий ёрдам йўқлиги ёки очлик оқибатида 30 мингдан ортиқ маҳбус қатл этилган ёки вафот этган.
Украина президенти Володимир Зеленский суриялик автократни ҳибсга олиш учун ордер берилишига изоҳ берди.
«Биз уни жавобгарликка тортиш бўйича барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз. Ўтган йилнинг декабр ойидан бери у Москвада Украинадан борган ва бошқа жиноий гуруҳлар билан бирга яшириниб юрибди», – деб ёзди Зеленский телеграмда.
«Жазосизлик пойтахтида дунёнинг барча энг машҳур қотиллари ва жиноятчилари адолатдан қочиб юргани диққатга сазовордир. Россия ўзининг ва бошқаларнинг жиноятларини яширмоқда», – деди Украина президенти.
Мавзуга оид
10:01 / 23.12.2025
Башар Асаднинг Москвадаги ҳаёти: у нималар билан машғул?
09:41 / 20.12.2025
АҚШ Сурияда ИШИД объектларига зарба берди
19:41 / 17.12.2025
«У энди Путинга керак эмас». The Guardian Башар Асаднинг Москвадаги ҳаёти ҳақида ёзди
18:29 / 17.12.2025