Аҳмадни кўриш учун шифохонага келган Австралия бош вазири Энтони Албанези / Фото: New York Times

14 декабрь куни Сиднейдаги Бонди пляжида даҳшатли отишма юз берди. Отишма яҳудийларнинг диний байрами – Ханукининг илк кунига тўғри келди: икки ҳужумчи – ота-бола пиёдалар кўпригида турган ҳолда пляждагиларни ўққа тутган.

Австралиянинг сўнгги ўн йилликлардаги тарихида энг қонли воқеа сифатида кўрилган ҳужум қурбонлари 15 киши бўлди. 40 дан ортиқ инсонлар жароҳатланди, уларнинг 22 нафари шифохоналарда қолмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бугунги қаҳрамонимиз 43 ёшли Аҳмад – ҳужумчилардан бирини йиқитиб, қуролсизлантирган инсон. Унинг шуҳрати – ҳужум ҳақидаги шов-шувдан ҳам ошиб кетди. Дунёнинг барча йирик ОАВлари Аҳмаднинг қаҳрамонлиги ҳақида ёзиб чиқди.

Энг керакли вақтда, бошқалар учун жонини хатарга қўйган инсон

Австралиянинг иссиқ ёз оқшомида Бонди пляжида сайр қилаётган кўплаб австралияликлар каби, Аҳмад ал Аҳмад ҳам дўсти билан қаҳва ичмоқчи эди. Аммо у турган жой яқинида, қирғоқ бўйидаги боғда қонли қирғин бошланди.

Аҳмад эса тўхтаб турган икки машина орасидан секин юриб ўтиб, қуролланган шахслардан бирига қараб тўғри югурди. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб марта томоша қилинган видеоларда, Аҳмад – қуролланган шахсни йиқитиб, унинг қўлидаги милтиқни тортиб олгани ва қуролни ҳужумчининг ўзига қарата буриб юборгани акс этган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Кейинроқ, иккинчи ҳужумчи томонидан ўқ узилгач, Аҳмад қуролни ерга қўйган. Унинг ўзи ҳам қўли ва билагидан ўқ еган. Шундан сўнг, ҳужумчилардан бири – 50 ёшли шахс полиция томонидан отиб ташланган, унинг ўғли эса қўлга олинган.