Ўзбекистон | 09:38 / 31.01.2021
5548
2 дақиқада ўқилади

«Музейда болаларга роботлар хизмат кўрсатади» – Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миновваров Kun.uz мухбири билан суҳбатда марказнинг келгуси фаолияти қандай йўлга қўйилиши ҳақида гапирди.

7 гектардан ортиқ ер майдонида 3 қаватли марказ биноси қад кўтарган. Марказ директори бино ичини тўлдириш, ёшларга фойдаси тегадиган масканга айлантириш ҳам катта масъулият талаб этишини қайд этиб ўтди.

Маълум қилинишича, айни пайтда Ёшлар академияси марказ билан ҳамкорлик бошлаган. Марказда ташкил этиладиган музей учун экспонатлар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, бу ерга ташриф буюрадиган болаларга экскурсия дастурлари электрон тарзда тақдим этилиши режалаштирилган. Уларда қизиқишни ошириш мақсадида бу жараён роботлаштирилади ва бу республикада болаларга махсус дастур асосида хизмат кўрсатувчи биринчи музей бўлади. Ҳозирда хизмат кўрсатувчи илк робот тайёр бўлган.

«Бизнинг олдимизга қўйган мақсадимиз Ислом динининг асл моҳиятини кўрсатиш. Бу дин тинчлик дини эканлигини номининг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Музейга экспонат сифатида Замахшарийнинг ўша даврдаги энциклопедия шаклида яратилган, араб ва лотин тилларида изоҳланган китобини олдик. Биринчи навбатда марказда таржима қиладиган асарларимиздан биттаси айнан шу китоб бўлади», дея таъкидлади марказ раҳбари.

У марказ ҳудудини кенгайтириш назарда тутилганини, марказ атрофи боғ қилиниб, сув ҳавзаси, фавворалар, тадбирлар, жумладан ҳайит намозлари ўтказиладиган майдон барпо этилишини қўшимча қилди.

«Бу ер нафақат маърифат маркази, балки халқимиз дам оладиган масканга айланади. Ҳам мулкимиз, ҳам фахримиз бўлиб асрлар мобайнида ёшларга хизмат қилади», деди у.

Мавзуга оид