«Российская газета»да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқовнинг Тошкентда қуриб битказилган Ислом цивилизацияси маркази ва мафкуравий сиёсат ҳақидаги “Аламим бор” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Қуйида ушбу мақоланинг ўзбек тилидаги асли келтириб ўтилади.

Ислом цивилизацияси марказига топширилган кисва бўлаги

Аламим бор...

Албатта, мақолага қўйилган ушбу сарлавҳа умумий мазмунга қандайдир тушкун руҳ бераётгандек туюлиши мумкин. Аммо унда асло маломат йўқ. Ўтмишни қоралаш, ўтганлардан гина-кудурат қилиш ниятидан йироқмиз. Қолаверса, бугунги ёруғ кунларимиз, эришаётган ютуқларимиз қийматини акслантириш учун унинг зидди – тарихнинг қоронғи гўшаларидан улги излашга ҳожат ҳам йўқ. Шу ўринда савол туғилиши табиий: ҳаммаси расамадидагидек экан, унда алам нега?

1

«Афсоналар ўз-ўзларича яшамайдилар. Улар ўзларига бизнинг ҳаёт ва қон ато қилишимизни кутишади. ­Дунёда ҳеч бўлмаса, бир одам уларнинг чақириғига жавоб берса бас, афсоналар бизни битмас-туганмас обиҳаёт билан суғоришга шай. Бизнинг вазифамиз – уларни унутмаслик. Шундай қилишимиз керакки, ҳеч бир афсона ўлим уйқусига толмасин», деган эди Альбер Камю бир замонлар.

Ўкинчнинг боиси, гарчи айнан бўлмаса-да, фаранг адиби айтаётган фикрга жуда яқин. Зотан, биз ҳам узоқ йиллар афсонавий тарихимиз, маданиятимиз, аждодларимиз киму, бу дунёда жойимиз қаерда бўлганини унутдик. Дунёнинг чети, учинчи даражали бир давлат, халқ деб қарашларига кўникдик. Ва энг аламлиси, замонавий дунё саҳнидаги маданий ва тарихий ўрнимиз қумга синг­ган сувдай «йўқолиб» қолди... «Ўзбек», «Ўзбекис­тон» сўзлари ҳақиқий мазмунидан чекиниб, дунё харитасида қайсидир маконни топишда мурожаат қилинадиган жуғрофий нуқта даражасига тушди. Мамлакатимиз номидаги от ясовчи «истон» қўшимчаси бош­қа турдош «истон»лар аро адашиб, жўрттага, баъзан эса мутойиба тарзида зикр этиладиган бўлди...

Мушоҳадамизга жиддий тус берадиган бўлсак, хорижлик машҳур бир сиёсатшуноснинг таассуф билан айтган ушбу гапи айни ўринга мос тушади: «...умуман олганда, бугун хорижда кўпчилик одамлар Ибн Сино ва Ал-Берунийлар юртини писанд қилмай, бу ерга бошқа бирор манзилга бориш учун кесиб ўтиш керак бўлган нотинч ҳудуд сифатида қарайдилар».