Ўзбекистон | 23:23 / 02.01.2021
83317
2 дақиқада ўқилади

Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмаларни тизим операторининг сайти орқали ҳам рўйхатга олиш мумкин бўлмоқда.

Фото: androidcentral.com

Ҳукумат қарори билан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қарорга мувофиқ, эндиликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъи назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўладилар.

Шунингдек, агар мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI-коди 2019 йил 1 ноябргача автоматик рўйхатдан ўтган ва базага киритилган бўлса, унинг бошқа слотидаги IMEI-коди қурилма эгаси томонидан қуйидаги ҳаракатлар бажарилганидан сўнг тизим оператори томонидан 3 иш соати мобайнида бепул амалга оширилади:

  • мобил қурилма эгасининг тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан мурожаат қилиши;
  • IMEI кодининг ушбу мобил қурилмага ҳақиқий эканлигини тасдиқлаш (мобил қурилма клавиатурасида *#06# кодини ёзиб олинган IMEI кодининг экран тасвирини тақдим этиш);
  • белгиланган шаклдаги анкетани тақдим этиши.

Агар мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI-коди 2019 йил 1 ноябрдан кейин аризага асосан рўйхатга олинган бўлса, ушбу қурилманинг бошқа слоти IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш 3 соат иш вақтида тўлов асосида амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмаларни тизим операторининг сайти орқали ҳам рўйхатга олиш мумкин бўлмоқда. Аввалги тартиб бўйича бу учун тизим операторига шахсан мурожаат этиларди.

Бундан ташқари, қарор билан божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобил қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказиладиган бўлди.

Мавзуга оид