Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инверсия ҳодисаси Ўзбекистонда кутилганидан узоқроқ давом этади
Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб совуқ антициклон таъсири 5 декабрга қадар сақланиши, 29 ноябрдан эса унинг янада кучайиши кутилмоқда. Бу ҳаво ҳароратининг пасайиши, эрталабки туманлар ва инверсия ҳодисаларининг узоқроқ давом этишига сабаб бўлади.
Фото: Kun.uz
Синоптик маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб совуқ антициклон таъсири 5 декабргача сақланиб туради.
29 ноябрдан бошлаб совуқ антициклон янада кучайиши натижасида атмосфера босими кўтарилиши, ҳаво ҳарорати пасайиши, кечалари совуқ, кундуз кунлари эса кучсиз илиқ об-ҳаво кузатилиши кутилмоқда.
Совуқ антициклонга хос бўлган эрталабки туман ҳолатлари ҳам юзага келиши мумкин.
Юқори босимли майдоннинг таъсири кейинги 10 кун давомида сақланиб туриши прогноз қилинмоқда.
Ўзгидромет аввалроқ инверсия 29 ноябргача давом этиши ҳақида маълум қилган эди. Бироқ янгиланган синоптик таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, совуқ антициклон давом этиши фонида инверсия ҳодисалари кутилганидан узоқроқ давом этади.
Узоқ муддатли инверсия чанг, тутун ва майда заррачалар концентрациясининг ошишига, қуюқ туман ҳодисалари кўпайишига олиб келиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Тақдим этилган инфографикалардаги 28 ноябрдан кейинги маълумотлар прогноз хусусиятига эга экани алоҳида таъкидланмоқда.