Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Апрелда об-ҳаво қандай бўлиши маълум қилинди
Баҳорга хос илиқлик кузатилади, дастлабки кунларда айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин, баъзи жойларда эса қуруқ об-ҳаво сақланади.
Фото: Kun.uz
“Ўзгидромет” маълумотларига кўра, апрель ойида Ўзбекистонда баҳорий беқарор об-ҳаво кузатилади. Ойнинг дастлабки кунларида айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин, баъзи жойларда эса қуруқ об-ҳаво сақланади.
Ой давомида ҳарорат нисбатан юқори бўлади: кечалари +12...+17 даражадан +7...+12 даражагача, кундуз кунлари эса +27...+32 даражадан +15...+20 даражагача ўзгариб туради. Энг илиқ кунларда ҳарорат +28...+33 даражагача кўтарилиши мумкин.
Ойнинг биринчи ўн кунлигида ҳудудларда қисқа муддатли ёмғирлар ва момақалдироқ кузатилади. Айрим ҳудудларда, хусусан Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида 1–3 апрель кунлари ёғингарчилик бўлмаслиги кутилмоқда.
Апрель ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳам ёмғирли кунлар прогноз қилинмоқда. Ҳар бир ўн кунликда ўртача 1–3 кун ёғингарчилик кузатилиши мумкин.
Шунингдек, апрель ойида кескин исиш даврлари қисқа муддатли совуқлар билан алмашиб туриши эҳтимоли бор. Айрим кунлари тунги ҳарорат пасайиб, совуқ тушиши мумкин.
Қайд қилинишича, кузатувлар даврида 2022 йил апрель ойи энг илиқ бўлган, 2009 йил апрель ойи энг совуқ сифатида қайд этилган.