Иқтисодиёт | 15:09 / 10.09.2020
11960
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк: Асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 14 фоиз даражасида белгиланди

Ўзбекистон Марказий банкида навбатдаги Бошқарув йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов иштирок этиб, асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилгани, йиллик 14 фоиз даражасида белгиланганини маълум қилди.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов

Kun.uz мухбири хабар беришича, ушбу қарор инфляциянинг янада секинлашиб йил якунида прогноз кўрсаткичларига эришиш бўйича ишончнинг мустаҳкамланиши, иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкаларини сақлаб қолиш зарурати, шунингдек, пандемия шароитида инфляцияни пасайтириш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш билан изоҳланади.

Бунда, прогноз қилинаётган даврда инфляцияни кескин оширувчи омилларнинг нисбатан камлиги пул-кредит шароитларини инфляцион хатарларни юзага келтирмасдан юмшатиш имконини беради.

Йил якуни бўйича инфляция прогнози 11-12,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақланиб қолинди ва бунда инфляциянинг прогноз коридорининг қуйи чегарасига яқин даражада шаклланиш эҳтимоли ортмоқда. Шунингдек, иқтисодиётда инфляцион кутилмалар барқарор пасайиши ва макроиқтисодий барқарорликнинг сақлаб қолиниши шароитида инфляция прогнози янада пасайтириш томонга кўриб чиқилиши мумкин.   

Марказий банк ҳукумат билан биргаликда 2023 йилга қадар инфляциянинг 5 фоизлик доимий мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб бориши таъкидланди.

Мавзуга оид