Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Тезкор етказиб бериш, сифат ва барқарорликни мақсад қилганмиз” — Wolt компанияси Ўзбекистон бозорида қандай ишламоқда?
Мамлакатимизда 2024 йилдан фаолият бошлаган Wolt дастлаб Тошкент, кейинчалик Самарқанд шаҳрида хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Компания маҳаллий ресторан, кафе ва дўконлар билан ҳамкорликни кенгайтириб, фойдаланувчиларга озиқ-овқат ҳамда бошқа маҳсулотларни тез, қулай ва ишончли етказиб бериш имконини тақдим этмоқда. Kun.uz мухбири компания вакили билан суҳбатлашиб, хизматлар қандай ташкил этилаётгани, ҳудудий чекловлар, курерларни тайёрлаш ва сервис сифати бўйича муҳим жиҳатларни ўрганди.
Wolt – ресторан ва дўконлардан мижозларга буюртмаларни етказиб беришга ихтисослашган халқаро технологик компания. 2014 йилда Финландияда ташкил этилган. Ҳозирда 30 дан ортиқ мамлакат ва юзлаб шаҳарларда хизмат кўрсатади. 2022 йилда АҚШнинг DoorDash компанияси билан бирлашди. Бу глобал гуруҳга Буюк Британияда фаолият юритувчи Deliveroo каби йирик сервислар ҳам киради. Мазкур кенгайиш компанияга турли бозорларга осон уланиш ва тезкор етказиб бериш тизимини ривожлантириш имконини берди.
Ташкилот 2024 йилдан Ўзбекистонда ўз фаолият бошлади. Дастлабки локация Тошкент шаҳри бўлди. 2025 йилда сервис Самарқандга ҳам етиб борди. Компания ресторан, кафе ва дўконлар билан ҳамкорликни кенгайтириб, курерларни иш билан таъминлашни йўлга қўйди. Бугунги кунда юзлаб муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган, фойдаланувчиларга таом ҳамда бошқа маҳсулотларнинг кенг танловини тез, қулай шаклда етказиб бермоқда.
“Мамлакатда интернет фойдаланувчилари улуши юқори, аҳоли мобил интернетни фаол ишлатади. Шу сабабли Wolt учун энг муҳим вазифа тез, ишончли, доимий хизматни тақдим этишни тизимлаштиришдан иборат эди. Компания жамоаси фойдаланувчиларга буюртма бериш жараёнини қулайлаштириш билан бир қаторда, қадрият шаклида хизмат сифатини доимий равишда юқори даражада ушлаб туриш устуворлигини белгилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда Wolt орқали берилган буюртмалар ўртача 35 дақиқа ичида етказиб берилмоқда. Бу кўрсаткич нафақат тезликни, балки тизимнинг барқарор ишлашини ҳам ўзида акс эттиради”, – дейди Wolt компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Зафар Исхаков.

Компания маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда етказиб бериш соҳасида инновацион ечимларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Мисол учун, Wolt иловаси интуитив интерфейс, қулай тўлов тизими ва буюртмани реал вақт режимида кузатиш имконияти билан ажралиб туради, буюртмани кутишнинг ўртача вақти эса атиги 30–40 дақиқани ташкил этади. Платформа орқали фойдаланувчилар иссиқ овқат, ичимлик, озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи эҳтиёж товарлари, гуллар ва бошқа предметларни танлаши мумкин.
Wolt мижозларга хизмат кўрсатишни уч тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширади. Бу маҳаллий фойдаланувчилардан ташқари Ўзбекистонга келаётган туристлар учун ҳам қулайлик яратади.
“Компания колл центрлари фойдаланувчи мурожаатларига тезкор жавоб бериш ва юқори хизмат даражасини таъминлаш учун махсус тренинглардан ўтади. Ички стандартларга кўра, фойдаланувчи илова орқали савол йўлласа, аксарият ҳолларда 60 сония ичида жавоб олади”, – дейди Зафар Исхаков.

Масъулнинг айтишича, Wolt’да курер бўлиб ишлашни истаган номзодлар вояга етган бўлиши ва илова орқали ариза топшириши керак. Ариза топширилгач, ҳужжатлари текширилади. Кейин мажбурий тренингларда қатнашади. Барча тренингларни муваффақиятли якунлаганлар “линия”га чиқиш ва буюртмаларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
“Курерлар жамоаси Wolt’нинг асосий устунликларидан бири ҳисобланади. Тошкент ва Самарқанд бўйича ишлаётган етказиб берувчилар, асосан, ўз шахсий транспорт воситаларидан фойдаланади. Компания эса уларга махсус сумкалар, ёмғир ўтказмайдиган кийимлар, курткалар ва бошқа асбоб-ускуналар сингари зарур жиҳозларни тақдим этади”, – дейди компаниянинг мамлакатдаги бош директори.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда q-commerce, яъни кундалик маҳсулотларни тезкор етказиб бериш бозори тез ривожланмоқда. Мобил интернетдан фойдаланишнинг кенгайиши, онлайн тўлов тизимларининг оммалашуви ҳамда фойдаланувчиларнинг қулайликка бўлган талаби ошиши мазкур йўналишнинг асосий драйверига айланган.
Исхаков қайд этишича, q-commerce’нинг асосий устунлиги тезлик ва мослашувчанликда намоён бўлади. Унинг воситасида фойдаланувчилар фақат овқат эмас, озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж товарлари, гуллар ва бошқа маҳсулотларни ҳам қисқа вақт ичида қабул қилиб олиши мумкин.
Ушбу жараёнда Wolt’нинг Ўзбекистон бозорига кириши q-commerce ривожининг амалий намунаси сифатида эътиборни тортади.
“Wolt тажрибасида бозорга мослашув муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда жорий этилган функциялар маҳаллий фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари ва хулқ-атворига мувофиқ ишлаб чиқилган. Илованинг содда интерфейси, реал вақт режимидаги кузатув, қулай тўлов тизимлари ҳамда кўп тиллилиги сервиснинг аҳоли томонидан тез ва осон қабул қилинишини таъминлади.
Ҳамкорлик модели ҳам эътиборга лойиқ. Wolt ресторан ва дўконлар билан узоқ муддатли шерикликни мақсад қилади, уларни фақат етказиб бериш канали эмас, технологик ҳамкор сифатида ҳам кўради. Сервис бизнесларга янги аудиторияга чиқиш, буюртмалар ҳажмини ошириш ва операцион жараёнларни соддалаштириш имконини беради. Хозирда beyond-food, retail ва q-commerce форматлари орқали Wolt ўз фаолиятини фақат овқат етказиб бериш билан чеклаб қўймай, янги тоифаларни ҳам синовдан ўтказмоқда”, – дейди Зафар Исхаков.
Яқин йилларда q-commerce бозори янада кенгайиши кутилмоқда. Технологик инновациялар, маълумотлар таҳлили, алгоритмларга асосланган логистика ва фойдаланувчи тажрибасини марказга қўйган ёндашув бу соҳа ривожининг асосий векторларини белгилайди. Wolt мисолида кўриш мумкинки, халқаро тажриба ва маҳаллий бозор эҳтиёжларини уйғунлаштириш Ўзбекистонда рақамли сервисларнинг муваффақиятли ривожланишига туртки бўлмоқда.
Шу билан бирга, ушбу тенденциялар маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам янги имкониятлар очади: улар ўз маҳсулот ва хизматларини кенгроқ аудиторияга етказиш, бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва рақамли платформа орқали даромадни ошириш имконига эга бўлади. Яъни q-commerce фойдаланувчилар учун қулайлик яратиш, Ўзбекистондаги рақамли иқтисодиётнинг ўсиши ва замонавий бизнесни ривожлантириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади
Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.