Ўзбекистон | 14:19
2427
2 дақиқада ўқилади

Wolt етказиб бериш хизмати Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатмоқда

Wolt етказиб бериш хизмати 1,5 йиллик фаолиятдан сўнг Ўзбекистон бозорини тарк этади. Сервис 4 мартгача одатдаги тартибда ишлайди. Компания қарорни «Ўзбекистон бозорининг ўзига хослиги ва ўзининг стандартларига мос сервис даражасини барқарор таъминлай олмаслиги» билан изоҳлади.

Фото: Wolt

Wolt етказиб бериш хизмати 5 мартдан Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда компания мобил илова ва сайт орқали хабар берди.

«Ушбу янгилик сиз учун ноқулайлик туғдириши мумкинлигини тушунамиз. Кундалик ҳаётингизнинг бир қисми бўлиш биз учун қадрли эди ва бизни танлаганингиз учун сиздан чин дилдан миннатдормиз.

Келгуси ҳафталарда асосий вазифамиз ўтиш жараёнини имкон қадар соддалаштиришдир – мавжуд буюртмаларни етказиб бериш, қайтаримлар ва кредит маблағлари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш хизматини очиқ сақлаш», – дейилади расмий билдиришда.

Компания бу қарорни қабул қилиш осон кечмагани, лекин инвестицияларни узоқ муддатли ва барқарор бизнес қуриш мумкин бўлган йўналишларга қаратиш мақсадида стратегия қайта кўриб чиқилганини қайд этган. Компания Ўзбекистондан ташқари Қатар, Сингапур ва Япония бозорини ҳам тарк этмоқда.

«Ўзбекистон бозоридаги шароитлар сабабли биз хизмат даражасини доимий равишда ўз стандартларимизга мос равишда таъминлай олмадик. Шу сабабли Ўзбекистон бозоридаги фаолиятни якунлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Биз Ўзбекистонда яратилган хизматдан фахрланамиз ва унинг бир қисми бўлган барчага, айниқса мижозларимизга миннатдорчилик билдирамиз», – дейилади хабарда.

4 мартгача сервис одатдаги тартибда ишлайди. Унда буюртма бериш ва мавжуд бонуслардан фойдаланиш мумкин. 5 мартдан бошлаб янги буюртмаларни қабул қилиш тўхтатилади.

Компания ундан кейин ҳам аккаунт билан боғлиқ масалалар, тўловларни қайтариш ва аввал берилган буюртмалар бўйича мижозларга ёрдам беришда давом этишини билдирди.

Wolt – 2014 йилда Финландияда ташкил этилган етказиб бериш хизмати бўлиб, ҳозирда 30 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритмоқда. 2019 йилда Wolt Марказий Осиё бозорларига чиқишни Қозоғистондан бошлаган ва 2024 йил октябр ойида Ўзбекистонга кириб келганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид