Ўзбекистон | 15:40 / 25.09.2021
33672
3 дақиқада ўқилади

Ерости сувлари сатҳи пасайиб боряпти. Қандай чоралар кўриш талаб этилади?

Kun.uz келажакда дунё мамлакатлари, жумладан, Марказий Осиё ва Ўзбекистон дуч келиши мумкин бўлган глобал муаммо – сув танқислиги муаммосига эътибор қаратиб келмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Ободонлаштириш бошқармаси мутахассисларидан интервью олганимизда, улар шаҳарда қўшимча яшил ҳудудлар яратиш мақсадида 1500 та қудуқ қазилиши ва ерости сувлари орқали ўсимликлар суғорилиши ҳақида айтишганди. Гидрогеология мутахассисидан бу борада изоҳ сўраганимизда эса, мутахассис Тошкентда 1500 қудуққа эҳтиёж йўқлигини, мавжуд 360 га яқин қудуқларни хатловдан ўтказиб, носозларини таъмирлаш лозимлиги, шунда яна қўшимча 300-350 қудуқ қазилса, шаҳар учун етарли бўлишини айтиб ўтганди.

Сўнгги йилларда ерости сизот сувларидан бебилиска фойдаланиш оқибатида уларнинг сатҳи пасайиб бораётгани хавотирли. Ана шу 1500 рақамини камайтириш, оптималлаштириш борасида ўйлаб кўриш керак эмасмикин?

Давлат Экология қўмитаси раҳбари ўринбосари Исломбек Боқижонов бу долзарб муаммога қандай эътибор қаратилаётгани ҳақида гапирди:

“Шаҳарда ирригацион тизимни реконструкция қилиш керак. Президент топшириғи бу. Бу ишларни амалга оширишимиз шарт. Айтинг-чи, кимнинг уйи олдида, кимнинг кўчасидаги лотокларда сув оқяпти? Менимча, жавоб аниқ – бу борада аҳвол ёмон. Агар мана шу тизимни модернизация қилсак, бу, биринчидан, шаҳар иқлимига ижобий таъсир қилади – ҳарорат 1-2 даражага пасаяди, иккинчидан, шаҳарда 1500 қудуққа эҳтиёж борми, деган саволга жавоб топамиз. Чунки ўша зовурларга ташланаётган 3-5 куб сувнинг 25-30 фоизи дарахтлар илдизига кетади, қолган қисми қайси каналдан олинган бўлса, ўша канал ва ариқларга қайтади.

Президент видеоселекторда айтдилар, қайсидир ҳудудларда сув сатҳи 7-12 метргача тушиб кетган. Бу жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Нафақат ўсимлик дунёси, балки ҳайвонот дунёсига ҳам таъсир ўтказади, қурғоқчилик бошланади. Бирор ҳудудда ерости сувлари сатҳи пасайиб кетса, ўша ердаги қудуқларни ишлатмай туриш лозим бўлади, токи сув сатҳи аввалги ҳолатига келиб олгунича. Ёки аксинча, бирор ҳудудда сув сатҳи ортиб кетса, қудуқлардаги насослар ёрдамида ўша сувнинг маълум қисмини тортиш ва каналларга ташлаш керак бўлади.

Бу борада Тошкент шаҳар экология бошқармаси раҳбарига топшириқ берилди, шунингдек, Фанлар академиясидан ёрдам сўрадик, айнан ерости сувлари борасидаги мутахассисларни ҳам жалб қилиб, ечим топиш ва ишларни тўғри йўлга қўйишга ҳаракатларни бошлаганмиз”, – дейди Боқижонов АОКАда ўтган матбуот анжуманида.

Мавзуга оид