2025 йил 15 май куни Ўзбекистон президентининг «2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда 2030 йилда 3,3 млн нафар мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида экологик маданиятни шакллантириш мақсад қилинган. Шунингдек, 4,2 млн нафар умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбияни мустаҳкамлаш, экологик маданиятни юксалтириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди. Концепция 2027 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар 2 йил муддатга тасдиқланадиган алоҳида «йўл харитаси» асосида босқичма-босқич амалга оширилади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг экологик билимини оширишга қаратилган бепул ўқув курслари ташкил этилади.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги конвенцияга (Орхус конвенцияси, Орхус шаҳри, Дания, 1998 йил 25 июн) қўшилгани муносабати билан 2025 йил 1 декабрдан бошлаб атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизими маълумотлари базаларининг жамоатчилик учун очиқлиги таъминланади ҳамда уларда қуйидаги маълумотлар жойлаштириб борилади: 
 – ҳар йили «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экиладиган дарахт ва кўчатлар ҳақида; 
 – давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш мақсадида тақдим этилган аризалар ҳақида; 
 – сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олиш бўйича жорий қилинган мораторий тартибини бузган шахслар ҳақида;
 – жамоатчилик эшитувлари натижалари ҳақида;
 – экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўтказилган рейдлар, текширувлар, мониторинглар натижасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар ҳақида;
 – ҳудудларга қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун бириктирилган санитар-тозалаш корхоналари ҳақида; 
 – чиқиндиларни қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш ва ёқиш орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар ҳақида.

2025 йилдан бошлаб ҳар йили аҳолининг турли қатламлари, талабалар ва ўқувчи ёшлар ўртасида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Янги дарахт – янги нафас» республика экочемпионати ҳамда ҳар ойда бир марта «Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз» шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирлари ўтказилади.