Ўзбекистон | 19:38 / 13.09.2021
30474
3 дақиқада ўқилади

Уй эгаси ва талаба ўртасида ижара шартномаси қандай тузилади?

Ижара шартномаси ижарачи ва ижарада турувчи ўртасида тузилади. Шартнома тузилгач, солиқ органларидан рўйхатдан ўтиши керак. Мол-мулк солиғи фуқарони ижарага қўювчи томонидан ҳар ойнинг ўн бешинчи санасигача тўланиши белгиланган. Бунда кўчмас мулкни ижарага олган талабага солиқ тўлаш мажбурияти юклатилмаган.

Президент фармонига кўра, 2021 йил 1 майдан ётоқхона билан қамраб олинмаган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгилаб қўйилган. Давлат солиқ қўмитаси давлат солиқ бош инспектори Санжар Хайриддиновнинг Xpress.uz’га маълум қилишича, бунда талаба ижара шартномаси ва солиқ органларида ижара шартномаси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги билдиришноманинг ўзини олий таълим муассасасига тақдим этиши лозим.

Шунингдек, Санжар Хайриддинов ижара шартномасини тузиш тартиби ва билдиришномани олиш усуллари ҳақида ҳам маълумот берган.

Унга кўра, президент қарорига асосан жисмоний шахслар ўртасида тузилган ижара шартномаларини рўйхатга олиш солиқ органлари зиммасига юклатилган. Шунга кўра, кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилган. Низомга уй-жойни ижарага бериш шартномаси ва кўчмас-мулк ижара шартномасини мажбурий ҳисобда ижарага қўйиш ҳақида сўровнома илова қилинган. Фуқаролар шу ердан шартномани юклаб олиб, тўлдириб, кейин солиқ органига тақдим этишлари мумкин. Шартнома солиқ органи томонидан рўйхатга олингач, фуқарога билдиришнома тақдим этилади.

Шу билан бирга, ижара шартномасини ҳисобга қўйиш электрон тарзда mysoliq.uz сайти орқали ҳам амалга оширилади. Бунда жисмоний шахс ўзининг электрон рақамли имзосидан фойдаланган ҳолда кўчмас мулк ижара шартномларини рўйхатга олиш хизматларига кириб, керакли сатрларни тўлдиради. Шундан кейин жўнатиш тугмасини босади ва ушбу ижара шартномаси солиқ органига юборилади. Кейин солиқ органидан билдиришнома юборилади. Шунингдек, фуқаролар солиқ ахборот хизматларига мурожаат қилиб ҳам ижара шартномаси тузиш тартибини билиб олишлари мумкин.

“Ижара шартномасида ижарага олинаётган турар жой неча квадрат метрни ташкил этаётганлиги, ижара пули миқдори, ижарачи ва ижарада турувчи исм-фамилияси ва улар тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ акс этиши керак. Кўчмас мулкини ижарага бериб, даромад олган жисмоний шахс олган даромадидан белгиланган тартибда солиқ органларига ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан, даромад солиғини тўлаб бориши керак. Бунда кўчмас мулкни ижарага олган талабага солиқ тўлаш мажбурияти юклатилмаган”, – дея маълум қилган Санжар Хайриддинов.

Мавзуга оид