Ўзбекистон | 13:03 / 29.12.2020
11270
2 дақиқада ўқилади

25та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади 

Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада маълум қилди.

Фото: ТАСС

Қайд этилишича, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади. Биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади.

“Мазкур енгиллик натижасида ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан, янги ташкил этиладиган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилади”, - деди давлат раҳбари.

Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан икки ой муддатда ўз таклифларини ишлаб чиқиши зарурлиги айтилди.

“Бунда, Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда, тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши керак.

Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши лозим”, - деди президент.

Мавзуга оид