Ўзбекистон | 08:48 / 30.10.2025
3852
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО 43-сессиясининг очилишида қатнашади

30 октябр куни Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

Фото: Президент матбуот хизмати

ЮНЕСКО бош конференциясининг тарихий 43-сессияси қирқ йил ичида биринчи марта ташкилотнинг Париждаги қароргоҳидан ташқарида — Самарқанд шаҳрида ўтмоқда. Форумнинг мамлакатда ўтказилиши Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО қадриятларига содиқлиги, шунингдек, тинчлик, ўзаро англашув ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал мулоқотни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига яна бир далилдир.

Сессия доирасида таълим, фан, маданият, экология, технология ва коммуникация соҳаларидаги устувор мавзуларга бағишланган 150 дан ортиқ тадбир ўтказилиши режалаштирилган.

Анжуманда 200 дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлардан юқори даражадаги делегациялар қатнашади. Қатнашчилар орасида Сербия президенти Александр Вучич, Словакия президенти Петер Пеллегрини, ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле ва бошқа фахрий меҳмонлар ҳам бор.

Маълумот учун: ЮНЕСКО — БМТнинг ихтисослашган муассасаси бўлиб, 1945 йилда ташкил этилган. Ўзбекистон 1993 йилдан ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзоси, 1996 йилда Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО ваколатхонаси очилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид