Ўзбекистон | 20:55 / 03.02.2022
11296
4 дақиқада ўқилади

Чор Минор ҳовлисида боқилган қўйлар: масъуллар бу ҳолатни рад этишмоқда

Бухоро шаҳридаги 200 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган обида — Чор Минор дарвозаси ҳудудида қўй боқилгани ҳақидаги видеолавҳа ижтимоий тармоқларда эълон қилинди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Русийзабон маҳаллий туристлардан бири тасвирга олиб тарқатган видеода кўринишича, Чор Минор мажмуаси ҳовлисидаги бостирма остида қўйлар учун қўтон қурилган ва бу жойда қўйларнинг қумалоғи ҳам кўзга ташланиб турибди. 4-5 чоғли жонивор эса ҳовлига ҳайдаб қўйилган.

Видеога жавобан Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси ўз муносабатини эълон қилди.

«Ўрганиш натижасига кўра, Чор Минор мадрасаси ва унинг атрофидаги ҳудуд айни пайтда озода экани, бу ерда ҳеч қандай қўйхона мавжуд эмаслиги ва видеода акс этган ҳолат ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлди», — дейилади расмий муносабатда.

Бошқарма ўзининг 27 январ кунги раддиясида тасвир 2,5-3 йил аввал суратга олинганини ҳам даъво қилади ва мадраса жойлашган «Алишер Навоий» МФЙ раиси Шаҳноза Камолованинг сўзларини келтиради.

«Аёл 2,5 йилдан буён ушбу маҳаллада ишлаб келмоқда ва бу давр ичида кўрсатилган жойда қўйхона мавжуд бўлмаган, видеодаги ҳолат 3 йил олдин кузатилган», — дейилади бошқарма муносабатида.

Ҳолбуки, Kun.uz ўз суриштирувида аниқлашича, видеотасвир мутлақо янги — у 2022 йилда, январь ойида суратга олинган.

Видеода яққол кўринган, қўйлар учун қўтон сифатида фойдаланилган бостирма ости тозалаб қўйилган, охур ҳам қаёққадир йўқотилибди. Шунинг учун қўй тезагининг ҳиди келмаётганди. Бироқ тошдан тикланган деворда қўйларнинг ишқаланишидан қолган яғир излар ҳамон кўзга ташланиб турганди. Демак, яқин орада бу ерда қўй боқилгани ҳақиқатдан узоқ маълумот эмас.

Биз ушбу ҳудудда ишловчи ходимлардан бирини масала юзасидан суҳбатга тортдик. Шу мажмуада қоровул бўлиб ишлаётган Мансур Сафаровнинг айтишича, қўйлар икки бош бўлган. Маърака қилиб сўйиш учун 2 ойча илгари келтирилиб, шу ерга боғлаган.

Мансур Сафаров

«У қўйлар аллақачон маъракада сўйилиб, гўшти тарқатилиб кетди», — деди у, воқеа яқинда юз берганини юзаки тасдиқлаган ҳолда.

Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов  қўй боқилгани ҳақида тарқалган хабарларни ҳақиқатга мос эмас, деб атади. Ҳудудда мол ёки қўй боқиш учун шароит йўқлиги, шу сабабли бу ерда уй ҳайвони боқиб бўлмаслигини таъкидлади.

Шерзод Маҳмудов 

Бошқарма бошлиғи айрим хабарларда мажмуа ҳудудидаги тандир ҳам танқид остига олинганини айтиб, бу тандирда нон ёпилмаслиги, шунчаки имитация учун қуриб қўйилганини айтди. Шунингдек, у журналист ва блогерлар билан ҳамкорликка доим тайёрлигини маълум қилди.

Албатта, тарихий шаҳарларимиздаги мавжуд бой маданий меросимиз, тарихий обидаларимизни кўз қорачиғидек асраш — барчанинг, энг аввало, ўша ҳудудда яшовчиларнинг бурчидир. Эътиборсизлик, лоқайдлик, ҳурматсизлик эса энг аввало хорижлик сайёҳлар олдида бизни уялтиради. Ўйлаймизки, бу воқеадан нафақат Бухоро, балки ҳамма жойдаги масъуллар ўзига тегишли хулоса чиқаради.

Дарвоқе, Сенатнинг 23-ялпи мажлисида тасдиқланган қонунга кўра, Жиноят кодексининг 132-моддасига қўшимча киритилиб, давлат муҳофазасига олинган моддий-маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш, жуда катта миқдорда зарар етказган ҳолатда 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид